Касаба уюшмаси ходимнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланмоқда
Андижонда 11 ноябрь - Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, соҳа вакиллари, фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган байрам тадбири очилишида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашда касаба уюшмаси ташкилотларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўз олиб, соҳа ходимларини касб байрами билан муборакбод этиб, Давлатимиз раҳбари томонидан меҳнат муносабатларини тартибга солиш, корхона ва ташкилотларда хавфсиз ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига тўхталди. Жамиятда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришда касаба уюшмалари тизимининг тутган ўрнини алоҳида баҳолади.


Дарҳақиқат, касаба уюшма ташкилотларининг жамият ҳаёти, ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашдаги ўрни, роли, иштироки ва нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда Андижон вилоятида корхона, ташкилот ва муассасаларда 2 минг 800 дан зиёд бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Ушбу ташкилотлар ўз сафига 500 минг нафарга яқин аъзони бирлаштирган. Уларнинг 220 минг нафарга яқинини аёллар, 170 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади.
Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда юртимизда касаба уюшма ташкилотлари ходимнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланмоқда.


Байрам тадбирида кўп йиллик самарали меҳнати билан соҳа ривожига, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларида ходимларни қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ тизим ходимлари, ташаббускор фаоллар, соҳа фахрийлари ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда маданият ходимлари, санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур иштирокчиларга хуш ва байрамона кайфият улашди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.