Касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланиб меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш тизими янги босқичга кўтарилди
Ҳалол ва фидокорона меҳнат доимо эътибор, рағбат ва эҳтиромдан куч-қувват олади. Меҳнат аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш янгиланаётган Ўзбекистонда инсон қадр-қимматини улуғлаш борасидаги ибратли ташаббусларда устувор аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан ўтказган учрашуви ҳам ушбу жамоат тузилмаси фаолиятини бугунги шиддатли янгиланиш жараёнларига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйиш, унинг равнақи йўлида янги истиқболларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур учрашувда илгари сурилган ташаббус ва вазифалар бугун ҳам соҳа фаолияти учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Айтиш керакки, мамлакатимизда инсонпарвар, кучли ижтимоий йўналтирилган давлат барпо этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари билан учрашув чоғида эътироф этганидек, мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, кафолатланган ижтимоий ҳимоядан фойдаланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди.
Мамлакатимиз етакчисининг ғояси асосида бир неча йиллардан буён 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунининг юксак руҳда нишонланиб келинаётгани ҳам соҳага бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Заҳматли меҳнатнинг муносиб рағбати ҳар бир инсоннинг кайфиятини кўтаради, ишига барака, фаолиятига ривож бағишлайди. Собиқ шўролар даврида Ўзбекистон пахта яккаҳокимлигига маҳкум этилгани, бунинг оқибатида халқимиз бошига оғир кунлар тушгани ҳеч кимга сир эмас. Таассуфки, мажбурий меҳнат каби оғриқли муаммолар 90-йиллардан кейин ҳам узоқ вақт ўз ечимини кутди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мажбурий меҳнатга барҳам берилиши мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тубдан ўзгартириб, инсон қадри ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида янги даврни бошлаб берди. Айниқса, пахтачилик соҳасида мажбурлаш ўрнини манфаатдорлик, тазйиқ ўрнини рағбат, мажбурият ўрнини эркин меҳнат тамойиллари эгаллагани муҳим аҳамият касб этди. Бу ўзгаришлар, энг аввало, деҳқон ва фермерларнинг меҳнатга бўлган муносабати, иш самарадорлиги ва соҳадаги иқтисодий манфаатдорликнинг ортишида намоён бўлмоқда.
Жорий йилда мамлакатимизда пахта хомашёси етиштириш ҳажмининг 5 миллион тоннадан ошгани ҳам деҳқон ва фермерларимизнинг фидокорона меҳнати, соҳада яратилган имкониятлар ҳамда меҳнатга бўлган муносабатнинг ўзгариши самарасидир. Албатта, бундай натижалар замирида инсон меҳнатига муносиб шароит яратиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнатга рағбатни кучайтириш каби муҳим омиллар мужассам. Бу жараёнда касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилаётгани эътиборга молик.
Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, барча жабҳаларда фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ходимлар ва иш берувчилар ўртасида юзага келадиган муаммоларга амалий ечим топиш, камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаол жамоат тузилмаси сифатида намоён бўлмоқда.
Айни пайтда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, янги спорт-соғломлаштириш ва дам олиш масканлари, сиҳатгоҳлар барпо этиш борасида ҳам юртимиздаги энг йирик жамоат тузилмаларидан бири бўлган ушбу Федерация фаоллик кўрсатмоқда.
Шунингдек, «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган опа-сингилларимизга кўмак қўлини чўзиш, иш берувчи ва ходим ўртасида юзага келган масалаларга ечим топиш, иш ҳақларининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларига оид муаммоларни бартараф этишда ҳам касаба уюшмаларининг ўрни беқиёс. Қолаверса, ички туризмни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, китобхонликни оммалаштириш, нуронийларга иззат-ҳурмат кўрсатиш борасида Федерация ва унинг жойлардаги тузилмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.
— Давлатимиз раҳбари касаба уюшмалари соҳасига катта эътибор қаратмоқда, — деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги «Анвар-А» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати мукофоти соҳиби Анорбой Эшматов. — Бу эътибор соҳага бундан 10–20 йиллар аввал қаратилган эътибордан тубдан фарқ қилади. Касаба уюшмалари бугун энг халқчил тузилмалардан бирига айланди. Кўп йиллар олдин бюджет ташкилотлари ходимлари, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб этилар эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундай ҳолатларга барҳам берилди. Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишда касаба уюшмалари ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Буларнинг барчаси юртимизда кечаётган туб ижобий ўзгаришлар инсон манфаатларига йўналтирилганининг ёрқин ифодасидир.
— Бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз осуда, — деди Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тахиатош туман бўлинмаси Кенгаши раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати мукофоти соҳибаси Сайёра Бекимбетова. — Бунинг барчаси касаба уюшмалари соҳасида ҳам самарали ишлаш, инсон манфаатларига устувор аҳамият қаратиш имконини бермоқда.
Дарҳақиқат, тинч юртга байрамлар ярашади. 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда инсон манфаати ва қадр-қиммати доимо устувор эканининг яна бир ёрқин исботидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири