«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирлари давом этмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш ишлари кучайтирилди.
Шу асосда юритимиз бўйлаб бир неча босқичли “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбирнинг жорий йил 1 ноябрда бошланган учинчи босқичи доирасида Сергели туманида соҳа раҳбарлари, масъул ташкилотлар ва аҳоли иштирокида кенгайтирилган мажлис ўтказилди.
Унда ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли осойишталигини мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Кўтарилган муаммолар юзасидан мутасаддиларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Куз-қиш мавсумида аҳоли хавфсизлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, хонадонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича фуқароларга зарур тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Мазкур профилактик тадбирлар доирасида туманда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар маҳаллаларда аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш юзасидан тушунтириш ишларини ўтказиб, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган суҳбатлар ташкил этди.
Хонадонбай ўрганишлар давомида оилалардаги ижтимоий муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди ва соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантириш бўйича тавсиялар берилди. Зеро, хотин-қизларнинг қадри ва хавфсизлигини таъминлаш – тинч ва фаровон жамият барпо этишнинг муҳим шарти.
Бундан ташқари, Сергели тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбарияти томонидан Меҳригиё ҳамда Янги Бунёдобод маҳаллаларида фуқаролар мурожаатларини ўрганиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилди.
Унда қирқдан ортиқ фуқаро иштирок этиб, ўз муаммо ва таклифларини билдирди. Ҳар бир мурожаат атрофлича тингланиб, уларни қонуний ҳал этиш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди. Айниқса, пробация ҳисобида турувчи ёшларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви, бандлигини таъминлаш ва уларни жамиятга қайта интеграция қилишга алоҳида урғу берилди.
Тадбир давомида маҳаллалардаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам кўздан кечирилди. Аҳоли билан ўтказилган учрашувларда ҳудудни ободонлаштириш, жамоат тартибини сақлаш, кузатув камераларини ўрнатиш ва уларнинг қамровини кенгайтириш, шунингдек, маҳалладаги муаммоли нуқталарга ўз вақтида ечим топиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул ходимларга тегишли вазифалар юклатилди. Тумандаги барча маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар тизимли равишда давом эттирилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА