Ўзбекистон "Яшил макон" билан яшилликка интилмоқда
Яшиллик бугун энг долзарб ва ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам экология йўналишидаги вазифалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси халқимиз иштирокидаги долзарб ижтимоий ҳаракатга айланди.
Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари, партия фаоллари ва эковолонтёр ёшлар ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Хусусан, партия ташкилотлари томонидан ҳудудларда ушбу лойиҳа доирасида қатор кўчат экиш акциялари уюшқоқлик билан ташкил этиб келинмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатларда ёшу қари барча даражадаги аҳоли вакиллари иштирок этиб, табиатни асрашга ҳисса қўшишмоқда.
Масалан, биргина Ангрен шаҳрида “Биргаликда тоза шаҳар учун” ва “Тоза муҳит — соғлом ҳаёт” шиорлари остида ўтказилган “Яшил макон” акциясида шаҳар ҳокимлиги, Экопартия вакиллари, шаҳар Ёшлар ишлари ва Маданият бўлимлари ходимлари ҳамда ҳудуддаги таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Кимёгар маҳалласида ташкил этилган экологик акция давомида ҳудуд иқлимига мос дарахт кўчатлари экилди.

Шу билан бирга, “Яшил макон” лойиҳасининг туб мақсад-вазифалари, унинг ҳудуд экологик муҳитини муҳофаза қилиш, ҳаво мусаффолигини таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтиришдаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бу каби амалий тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудида изчиллик билан ташкил этиб келиняпти. Бу эса “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида юртимизда яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш бўйича белгиланган маррани забт этишга хизмат қилади. Келажак учун барқарор экологик муҳит яратишдек эзгу мақсадларимизга етказади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА