“Карьера куни” ўтказилди
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида битирувчи курс талабалари учун “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбир ёш мутахассисларни меҳнат бозори талаблари билан яқиндан таништириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда таълим муассасаси ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.
Меҳнат ярмаркасида 580 нафар талаба ҳамда 20 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида талабаларга мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари, мутахассисларга қўйилаётган талаблар ва касбий ўсиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, талабалар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ва келажакдаги меҳнат фаолияти бўйича дастлабки келишувларга эришиш имконига эга бўлдилар. Айрим битирувчилар эса ўз мутахассисликлари бўйича ташкилотлар билан шартномалар имзолаб, ишга жойлашиш бўйича дастлабки келишувларга эришди.– Бугунги меҳнат ярмаркаси битирувчи талабалар учун муҳим имкониятлар майдони бўлди.
Тадбир давомида ёшлар ўз мутахассислиги бўйича иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, меҳнат бозори талаблари ва корхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Энг муҳими, айрим талабаларнинг келгусидаги иш жойлари бўйича дастлабки келишувларга эришгани мазкур тадбирнинг амалий аҳамиятини янада оширди. Бу каби учрашувлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни мустақил меҳнат фаолиятига тайёрлаш ва таълим муассасаси билан иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди филиал директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниев.Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, жорий ўқув йилида Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалини жами 598 нафар талаба тамомламоқда.
Улардан 225 нафари кундузги таълим, 352 нафари сиртқи таълим ва 21 нафари магистратура босқичи битирувчиларидир. Мазкур меҳнат ярмаркаси битирувчиларнинг келгусида муносиб иш ўринларига эга бўлишига кўмаклашиш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири