Каппадокияда дунё рассомлари учрашди
Шу кунларда Туркиянинг Каппадокия ҳудудида Халқаро туркий дунё рассомлари учрашуви ва кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Туркий халқларнинг бой маданий мероси, умумий санъат қадриятлари ва азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур халқаро санъат анжуманида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Туркия каби давлатлардан таниқли рассом ва академиклар иштирок этмоқда.

Жумладан, мамлакатимиз номидан ушбу нуфузли халқаро лойиҳада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Жавоҳир Ниёзов қатнашди.
Дастур давомида рассомлар Каппадокиянинг афсонавий тарихий водийлари, қоятош меъморчилиги ва қадимий маданий масканларидан илҳомланиб, очиқ ҳавода ижод қилди.

Яратилган асарларда Каппадокиянинг бетакрор руҳи ҳамда туркий дунёнинг умумий маданий қадриятлари ўзига хос бадиий талқинда акс этди. Лойиҳа якунида яратилган асарлар Каппадокиянинг маданий ва санъат фондига қўшилиб, туркий дунё рассомларининг умумий ижодий хотираси сифатида келажак авлодларга мерос бўлиб қолиши кўзда тутилган. Каппадокиянинг минг йиллик тарихи, бетакрор табиати ва туркий халқларнинг умумий руҳи бир полотнода жамланмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА