Мустақилликнинг 35 йиллиги: халқ ҳокимиятчилиги ва маҳаллий Кенгашларнинг янги қиёфаси
Ҳар бир халқнинг ўзлигини англаши, миллий ғурури ва давлатчилик анъаналарини тиклаши айнан мустақиллик ғояси ва озодлик туйғуси билан узвий боғлиқ. Юртимизнинг мустақилликка эришиши ҳам халқимизнинг асрий орзу-умидлари рўёбга чиққан, ўз тақдирини ўз қўлига олган тарихий воқеа саналади. Агар тарихга назар ташласак, ўтган 35 йил фақат йиллар кетма-кетлиги эмас, балки суверенитетни мустаҳкамлаш, миллий ўзликни тиклаш, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда машаққатли ҳамда шарафли йўлни босиб ўтиш даври бўлганига гувоҳ бўламиз.
Мустақиллик сабаб халқимиз ўз қадриятларини, бой тарихи ва муқаддас дини, тили ва маданиятини эркин равишда эъзозлаш имкониятига эга бўлди.
Айниқса, Ўзбекистоннинг охирги ўн йиллик тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит шаклланганини кўришимиз мумкин. “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида бошланган туб ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларига янги нафас олиб кирди. Бу даврда давлатнинг халққа бўлган муносабати тубдан ўзгарди: “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган принципиал ғоя ижтимоий ҳаётнинг бош мезонига айланди.
Илгари фуқаролар ўз муаммолари, ариза ва шикоятлари билан идорама-идора сарсон бўлиб юрган бўлса, бугунги кунга келиб давлат органларининг ўзи аҳолининг ичига кириб бормоқда. Халқ қабулхоналари, очиқ мулоқотлар ва маҳаллабай ишлаш тизими туфайли йиллар давомида тўпланиб қолган оғриқли муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бу ислоҳотлар натижасини ҳар бир инсон ўз кундалик ҳаётида, оиласи ва хонадони мисолида реал ҳис этмоқда.

Шу ўринда, юқоридаги каби ижобий ўзгаришларни халқ вакиллари саналган маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу борада, айниқса, 2023 йилда ўтказилган Конституциявий ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Жумладан, янгиланган Конституцияда маҳаллий Кенгашларнинг мақоми алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилди. Эндиликда Кенгашлар мустақил вакиллик органи бўлиб, унга депутатлар орасидан сайланган раис бошчилик қилиши ва ҳоким бир вақтнинг ўзида Кенгашга раис бўла олмаслиги қатъий белгиланди.
Бу норма маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлинишини таъминлаб, Кенгашлар орқали ижро ҳокимияти устидан назоратни кучайтирди. Бу билан Кенгашларга маҳаллий бюджетни қабул қилиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини тасдиқлаш ва ҳоким ҳисоботини эшитиш ваколатлари берилди. Натижада, Кенгашлар ва ҳокимиятлар маҳаллий даражадаги бошқарувнинг 2 қаноти, яъни вакиллик ва ижро органи сифатида фаолият олиб бормоқда. Соддароқ айтганда, илгари ҳоким ҳам ижро қиларди, ҳам Кенгашга раҳбарлик қиларди. Ҳозирчи? Ҳоким – ижрочи. Кенгаш – назоратчи.
Маҳаллий Кенгашларнинг мақоми ва ваколатлари ошиши шунчаки қоғоздаги ислоҳот бўлиб қолмади, балки уларнинг фаолиятида ва инсонлар ҳаётини яхшилашда аниқ амалий натижаларни бера бошлади. Агар рақамларга ва реал мисолларга назар ташласак, депутатлик назорати ва ташаббускорлиги аҳоли фаровонлигига қай даражада бевосита таъсир қилаётганини кўришимиз мумкин.
Жумладан, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг бевосита ташаббуси ва фаол саъй-ҳаракатлари натижасида биргина 2025 йилнинг ўзида 20 мингга яқин фуқаро камбағалликдан чиқарилди, 23 мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланиб, 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, маҳаллий бюджет ва дастурлар назорати орқали республика бўйича 5 минг километрдан зиёд йўллар таъмирланди, депутатлар қарори билан 3,5 минг нафар талабанинг тўлов-контракт маблағлари тўлаб берилди ҳамда манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш доирасида 15 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсга амалий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг назорат функцияси мазмунан янги босқичга кўтарилмоқда. Бугун депутатлик назорати фақат мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш билан чекланиб қолмай, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий ва сиёсий баҳо бериш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий ҳисобдорлигини таъминлашнинг таъсирчан механизмига айланиб бормоқда.
Мисол учун, 2026 йилнинг ўтган даврида Шофиркон ва Оҳангарон туман Кенгашлари томонидан тиббиёт бирлашмалари, Яшнобод туманида оилавий поликлиника мудири ва Хива туманида статистика бўлими бошлиғи фаолияти аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилган камчиликлар сабабли қониқарсиз деб баҳоланган. Мазкур ҳолатлар маҳаллий Кенгашларда депутатлик назорати тобора аниқ амалий натижага йўналтирилаётганини, айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижро органлари раҳбарларининг масъулиятини оширишда муҳим воситага айланаётганини кўрсатади.
Шунингдек, илгари фуқаролар ўз депутатини танимай, мурожаат қилиш ва қабулига киришда турли қийинчиликларга дуч келган. Бугунги кунда “E-Kengash” электрон платформаси орқали ўз вакилини осон топиши, унга онлайн мурожаат йўллаши, қабулига ёзилиши ва депутатлик сўровлари юборилишидан тортиб сессияларнинг жонли эфирда узатилиб, қарорларнинг очиқ муҳокама этилишигача бўлган бутун жараённи шаффоф кузатиб бориши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мустақилликнинг шарафли йўлида эришилган энг катта ютуқ – инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилганидир. Сўнгги йилларда манзилли ижтимоий ҳимоя, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги туб бурилишлар билан бир қаторда, маҳаллий Кенгашлар ваколатларининг кенгайтирилиши ҳамда “E-Kengash” каби рақамли тизимларнинг амалиётга татбиқ этилиши халқ ҳокимиятчилигини реал воқеликка айлантирди.
Бугун вакиллик органлари ва ижро ҳокимиятининг истиқболли ҳамкорлиги, депутатлик назоратининг кучайиши аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу каби очиқ ва шаффоф ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ҳамда халқимизнинг фаровон келажагига мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти,
халқ депутатлари Арнасой тумани
Кенгаши депутати.
ЎзА