Қорақалпоғистонлик ёшлар Андижонда
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги бир гуруҳ ёшлар Андижон вилоятида бўлиб, вилоятда фаолият юритаётган тадбиркор ёшларнинг иш тажрибаси ва эришаётган ютуқлари билан яқиндан танишди.
Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Кегейли туманидан ташриф буюрган ёшлар Андижон темирйўл вокзалида самимий кутиб олинди. Ташриф дастур доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ва бизнесга қизиқишини оширишга қаратилган қатор учрашувлар ҳамда амалий тадбирлар ўтказилади.


Қорақалпоғистонлик ёшлар вилоятда ўз бизнесини йўлга қўйган ёш тадбиркорларнинг фаолияти, шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишади.
Тадбир ва учрашувлар давомида тадбиркорликни бошлаш, бизнесни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилади, тажрибалар ўрганилади.

Тенгдош тадбиркорларнинг ҳаётий тажрибаси, изланиши ва эришаётган натижалари ташриф буюрувчи ёшлар учун муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Ўзаро мулоқотлар жараёнида янги ғоялар, истиқболли ташаббуслар муҳокама қилинади ва келгусидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратилади.
Ушбу ташриф ёшларни фаолликка ундаши, уларнинг тадбиркорлик борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда ўз бизнесини бошлаш учун янги имкониятлар эшигини очади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири