Канал ва катта ариқлар бўйини аҳоли учун очиқ ва хавфсиз сайр ҳудудига айлантириш таклиф қилинди
Йиғилишда давлат мулкини хусусийлаштириш орқали янги инвестиция ва бизнес лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Биргина Олмазор туманининг ўзида қиймати 100 миллиард сўм бўлган 52 та давлат объекти савдога чиқарилмоқда. Уларни тайёр бизнес лойиҳалари билан бирга тадбиркорларга таклиф этиш бюджет тушумлари ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, аҳолининг кўпроқ пиёда юриши, спорт билан шуғулланиши ва очиқ ҳавода дам олиши учун замонавий инфратузилма яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қичқириқ маҳалласида 2,5 километр сойбўйи ҳудудида экосайилгоҳ ва 12,5 километр пиёдалар йўлаги ташкил этилган. Бу аҳоли орасида эрталаб бадантарбия қилиш ва кечқурун пиёда сайр қилиш одатини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Пойтахтдаги канал ва катта ариқлар бўйини аҳоли учун очиқ ва хавфсиз сайр ҳудудига айлантириш таклиф қилинди. Жумладан, Бўзсув каналининг Шаҳидлар хотираси хиёбонидан Чилонзор туманигача бўлган қисмида 20 километрлик узлуксиз пиёдалар йўлагини ташкил қилиш имконияти мавжуд.
Бу борада бир ой ичида алоҳида лойиҳа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
ЎзА