Онлайн назорат қилиш амалиёти яхши натижа бераётгани қайд этилди
Йиғилишда Олмазор туманининг таълим ва илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, талабалар учун хавфсиз ва замонавий муҳит яратиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 75 минг нафар талаба таҳсил олади. Шу боис, уларнинг ўқиши ва яшаш шароити, бандлиги, тадбиркорлиги, маданий ҳаёти ва хавфсизлигини қамраб оладиган яхлит бошқарув тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
“Ёшлик” шаҳарчаси ҳокимлиги тизимида талабаларнинг таълим-тарбияси, бандлиги, ижтимоий таъминоти ва хотин-қизлар масалалари билан ишлайдиган алоҳида масъуллар фаолияти ташкил этилади.
Туманда 7 та олийгоҳга қарашли 41 та талабалар ётоқхонасида қарийб 18 минг нафар ёш истиқомат қилади. Уларнинг яшаш шароитини яхшилаш, ётоқхоналар атрофини обод сақлаш, яшил ҳудудлар ва “бук-кафе”ларни кўпайтириш, маданий тадбирларни мунтазам ташкил этиш учун алоҳида дирекция тузилади.
Талабалар шаҳарчасида ташкил этилган Вазиятлар маркази орқали олийгоҳ ва ётоқхоналарга кириб-чиқиш ҳамда давоматни онлайн назорат қилиш амалиёти яхши натижа бераётгани қайд этилди.
Мазкур тизимни йил якунигача Тошкент шаҳрининг бошқа туманлари, келгуси йили эса мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларида жорий этиш вазифаси қўйилди.
ЎзА