Олмазор мисолида кўриб чиқилган вазифалар пойтахтнинг барча туманларига бирдек тегишли экани қайд этилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, коммунал ва энергетика инфратузилмасининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилди.
“Долзарб 40 кунлик” доирасида шаҳардаги 2 минг километр ариқ чиқиндилардан тозаланди, 500 минг туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари экилди.
Электр таъминотида муаммо бўлган 114 та маҳаллада трансформаторлар янгиланиб, 443 таси таъмирланди. 600 километр электр тармоғи алмаштирилиб, 2,5 мингта ёритиш устуни соз ҳолатга келтирилди.
Ноқонуний истеъмолнинг олдини олиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бир ойда пойтахтда 11 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 10 миллион куб метр табиий газ тежалди. Электр ва газ тармоқларидаги йўқотишларни қарийб 1 фоизга камайтиришга эришилди.
Мутасаддиларга ноқонуний қурилмаларни аниқлаш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ишларини тизимли давом эттириш топширилди.
Олмазор мисолида кўриб чиқилган вазифалар пойтахтнинг барча туманларига бирдек тегишли экани қайд этилди.
Якунда пойтахт туманлари ҳокимлари ва бошқа раҳбарларнинг ахбороти тингланди.
ЎзА