Камилла ва Полина бугун кортга тушади
Уимблдон турнирининг асосий тўрида Ўзбекистон шарафини уч нафар теннисчимиз ҳимоя қилмоқда.
Англиянинг Лондон шаҳрида теннис бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи Уимблдон турнирининг аёллар ўртасидаги яккалик баҳслари асосий тўрига старт берилди. Унда Ўзбекистон шарафини Камилла Раҳимова, Полина Кудерметова ва Мария Тимофеева ҳимоя қилмоқда.
Қуръа ташлаш маросими якунларига кўра, Камилла Раҳимова украиналик Анна Калининага, Полина Кудерметова нейтрал мақомда иштирок этаётган Людмила Самсоновага қарши кортга чиқадиган бўлди. Ушбу ўйинлар бугун, 29 июнь куни мамлакатимиз вақти билан 15:00 дан сўнг старт олади. Шунингдек, ушбу босқичда Мария Тимофеева бразилиялик Беатрис Ҳаддад Майя билан рақобатлашади. Мазкур тўқнашув 30 июнь куни соат 16:40 дан сўнг бошланади.
Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида Камилла Раҳимова япониялик Мию Като билан тандемда нидерландиялик Деми Схюрс ҳамда австралиялик Эллен Перес жуфтлигига қарши кортга тушади. Ушбу учрашув 2 июль куни бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА