Ёш шахматчи қизимиз Грузияда жаҳон чемпионати совриндори бўлди
Грузиянинг Батуми шаҳрида 8, 10 ва 12 ёшли ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида мамлакатимизнинг умидли спортчилари муносиб натижаларни қайд этди.
11 турдан иборат бўлган дунё биринчилиги баҳсларида 65 тадан зиёд давлатнинг 600 нафарга яқин янги авлод вакиллари ўз маҳоратларини намойиш этди.
8 ёшли ўғил болалар мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Камол Мирзақулов 118 нафар иштирокчи орасида 7 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичларга кўра, 15-ўринни, 10 ёшлилар мусобақасида Нурмуҳаммад Неъматиллахонов 118 қатнашчи орасида 8,5 очко билан 4-ўринни, 12 ёшлилар баҳсида эса 6,5 очко жамғарган Лазизбек Шавкатов 118 нафар тенгдошлари ўртасида 33-қаторни эгаллагани ёш авлод вакилларининг маҳорати юксалаётганидан далолат, дейиш мумкин.

Мусобақанинг қиз болалар гуруҳида юртимиз шахматчиларидан Мадинабону Асадова 10 ёшгача бўлган қизлар орасида жаҳон чемпионатининг бронза медалига эга чиққани ўзига хос воқелик бўлди.
94 нафар иштирокчи қаторида ғолибликка даъвогарлик қилган шахматчи қизимиз Мадинабону Асадова ўтказилган 11 та турнинг 8 тасида ғалаба, биттасида дуранг ва 2 тасида мағлубият қайд этган ҳолда 8,5 очко жамғариб, шоҳсупадан жой эгаллади.
Ушбу ёш тоифасида 9 очко билан ғолиблик мақомига кўтарилган хитойлик Зихан Чен ва кумуш медаль соҳиби қозоғистонлик Алиса Биссалиева билан тўқнаш келмаганини инобатга олсак, ушбу баҳслар рўй берганда натижа бундан ҳам юксакроқ бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмасди.

Шунингдек, қизлар мусобақасининг 8 ёшлилар тоифасида ҳамюртларимиздан Моҳинур Азаматхўжаева 7 очко билан 92 нафар қатнашчи орасида 19, 10 ёшлилар ўртасида дона сурган Фарзонабону Бозорова ва Моҳижаҳон Раҳмонова 7 очко билан 16 ва 19, 12 ёшлилар ичида Хуснорахон Ҳусниддинова 7,5 очко билан 90 нафар қатнашчи орасида 7,5 очко билан 8-поғонани банд этгани мамлакатимизда болалар шахмати жадал ривожланаётгани, янги-янги талантлар бўй кўрсатаётганининг ёрқин тантанасидир.
Т. Рўзиев,
ЎзА