Ўзбекистонлик эшкак эшувчилар Литвадаги халқаро турнирда шоҳсупага кўтарилди
Литвада ўтган турнирда Ўзбекистон академик эшкак эшиш терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этиб, 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Литванинг Тракай шаҳрида бўлиб ўтган “Trakų Rajono Savivaldybės Irklavimo Regata 2026” халқаро регатасида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муносиб натижаларни қайд этди.
Мусобақа якунларига кўра, Шаҳбоз Холмурзаев ҳамда Собир Сафаролиев – Шаҳзод Нурматов жуфтлиги олтин медаль соҳибига айланди.
Кумуш медалларни Меҳрожбек Маматқулов – Жамолбек Турғунов жуфтлиги, Алишер Турдиев, Максим Голубев, Дилшоджон Худойбердиев ва Давржон Давроновдан иборат тўртлик экипажи, шунингдек, Фирдавс Охунов ҳамда Райҳон Сатторова – Айдана Сметуллаева жуфтлиги қўлга киритди. Шунингдек, Иван Янкулов – Фазлиддин Каримов жуфтлиги эса мусобақани бронза медали билан якунлади.
Ўзбекистон терма жамоаси аввалроқ Литвада ўтказилган «Янтарные вёсла» халқаро регатаси ҳамда “Trakų Rajono Savivaldybės Irklavimo Regata 2026” мусобақалари якунларига кўра, 5 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза, жами 13 та медаль жамғарди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА