Каллас Трампнинг баёнотига қатъий жавоб берди
Брюссель Россия ва АҚШ билан Европада хавфсизлик масаласини муҳокама қилиш ниятида эмас, деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Кая Каллас Польша ва Украина ташқи ишлар вазирлари Радослав Сикорски ҳамда Андрей Сибига иштирокида кечган матбуот анжуманида.
– Бир асосий фикрни таъкидламоқчимиз: бизда аллақачон Европа хавфсизлиги тизими мавжуд, НАТО ва ЕИ ўз вазифасини бажармоқда, – деган мулозим.
Шунингдек, у яна бир бор РФ – Украина низосини ҳал қилиш учун ЕИ ҳам музокара даврасига қўшилишини талаб қилди.
Дарвоқе, куни кеча Президент Дональд Трамп ушбу зиддият мавзусидан ташқарига чиқиб, бутун Европани қамраб олиши мумкин бўлган кенг кўламли тинчлик шартномаси тайёрланаётганини эълон қилди.
Россия, Украина ва Қўшма Штатлар ўртасидаги кейинги музокара 10-11 ноябрь кунлари Абу-Дабида ўтиши кутиляпти. Учрашувда хавфсизлик кафолати масаласи муҳокама қилинади.
С.Раҳимов, ЎзА