Журналистикада рақамли хавфсизлик
Самарқандда “Журналистлар учун хавфсизлик бўйича ўқув – рақамли, психологик ва ҳуқуқий ҳимоя” мавзусида ўқув семинар ўтказилди.
ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги контент тайёрлаш маркази ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) ҳамда ЮНЕСКОнинг Журналистлар хавфсизлиги бўйича донорлик дастури (MDP) томонидан молиялаштирилган “Aхборотдан фойдаланиш, институционал жавобгарлик ва оммавий ахборот воситалари компетенциясини кучайтириш орқали Ўзбекистон ҳукумати ва фуқароларининг имкониятларини кенгайтириш” дастури доирасида ўтказилган икки кунлик ўқув семинарда хавфларни баҳолаш ва таҳририй назорат, рақамли хавфсизлик асослари, онлайн махфийлик ва анонимлик, хавфсиз алоқа воситалари, Ўзбекистонда ҳуқуқий хавфсизлик, таҳририят хавфсизлиги протоколлари, психологик чидамлилик каби мавзуларда машғулотлар ўтказилди.
Хорижлик ва маҳаллий экспертлар бу борада халқаро амалиёт ва миллий тажриба, қонунчиликдаги мавжуд ҳолатлар, айни пайтда дунё ахборот маконидаги рақамли хавфсизлик ва уни таъминлаш йўллари юзасидан тушунча берди. Журналистик суриштирувни амалга оширишда рақамли платформалардан хавфсиз фойдаланиш, сунъий интеллект технологиялари, журналистларга психологик таъсирлар ва уларнинг ҳуқуқий ҳимояси юзасидан амалий машғулотлар ўтказилди.
– Бугун оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар фаолиятини интернет, замонавий ахборот технологияларисиз тасаввур қилиш қийин, – дейди Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров. – Лекин шиддатли замонда бу технологиялардан фойдаланишдаги озгина эътиборсизлик, билим ва тажриба етишмаслиги ёмон оқибатларга олиб келиши, ёлғон маълумот тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Ёки журналистларнинг ҳуқуқий билим даражаси пастлиги, психологик ҳолати ҳам турли вазиятларни келтириб чиқариши кузатилмоқда. Мазкур семинар эса бу борада ҳамкасбларимизда зарур кўникмаларни шакллантириш, уларнинг рақамли, психологик ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўқув семинар давомида иштирокчилар мавзулар юзасидан билимларини ошириш билан бирга ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислардан жавоблар олди. Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
[gallery-30605]
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари