ЖССТ "JAKAVI" препаратининг қалбакилаштирилган айрим сериялари ҳақида огоҳлантирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2026 йил 16 июнь куни эълон қилинган “Medical Product Alert №2/2026” огоҳлантиришида JAKAVI (рухолитиниб) дори воситасининг айрим қалбакилаштирилган сериялари аниқлангани маълум қилинди.
ЖССТ маълумотларига кўра, AVT50, FNR06 ва SGL04 серияларига мансуб қалбакилаштирилган маҳсулотлар Эрон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси ҳамда Туркияда аниқланган. Ушбу маҳсулотлар интернет платформалари орқали ноқонуний равишда сотилгани, айрим ҳолатларда эса дорихона тармоғи орқали беморларга етказилгани қайд этилган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур огоҳлантириш Фармакологик назорат бўлими томонидан белгиланган тартибда ўрганилиб, таҳлил қилинган.
“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасида рухолитиниб сақловчи “Джакави” 5 мг ва 15 мг препаратлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. ЖССТ томонидан огоҳлантирилган қалбакилаштирилган маҳсулотларнинг мамлакатимиз ҳудудида қонуний муомалада бўлган рўйхатдан ўтган препаратлар билан боғлиқлиги юзасидан маълумот мавжуд эмас”, дейилади хабарда.
ЖССТ қалбакилаштирилган маҳсулотларнинг таркиби, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаганини, бу эса беморлар саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шу муносабат билан тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларига препаратларнинг келиб чиқиши ва таъминот занжирини синчковлик билан текшириш, шубҳали қадоқлаш ёки маркировкага эга маҳсулотлардан фойдаланмаслик ҳамда қалбакилаштирилган деб гумон қилинган ҳолатлар юзасидан ваколатли органларга зудлик билан хабар бериш тавсия этилади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан мазкур огоҳлантириш юзасидан мониторинг ишлари давом эттирилмоқда. Аҳолидан дори воситаларини фақат қонуний фаолият юритувчи дорихоналар орқали харид қилиш ҳамда шубҳали ҳолатлар аниқланган тақдирда Фармакологик назорат бўлими мурожаат қилиш сўралади.
Мурожаат учун телефон: 71-203-01-01 (2352)
Моҳигул Қосимова, ЎзА