“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида адвокатлар сонини 2000 нафарга кўпайтириш белгиланган
Адвокатура – ҳар бир шахснинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизда адвокатура институтини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида адвокатлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар, Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатаси масъуллари, Адлия вазирлиги, суд ва тергов органлари вакиллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.
Мулоқотда қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида адвокатура институти муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади:
— Юртимизда адвокатура институтини ривожлантириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми конституциявий даражада мустаҳкамланди. Яъни, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши, унинг фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланиши белгиланган. Шунингдек, адвокат ўз касбий вазифаларини бажараётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, адвокатнинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлиши мустаҳкамланган, — деди Жаҳонгир Ширинов.
Шунингдек, тадбирда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам адвокатура институтининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида вазифалар белгиланганига урғу қаратилди. Жумладан, Стратегияда адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш каби муҳим вазифалар акс этган.
Мулоқотда мамлакатимизда адвокатура институтини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий пойдеворларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Адвокатларнинг иш жараёнида учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга оид амалий таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.
М.Комилова, ЎзА