Ўзбекистон – Хитой: ДХШ асосида тажриба-синов лойиҳаси татбиқ этилмоқда
Сув хўжалиги вазирлигида Жиззах вилояти Дўстлик туманида амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик асосидаги тажриба-синов лойиҳаси натижалари ва истиқболларига бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, “Дўстлик тумани сув етказиб бериш кооперативи” масъуллари ҳамда Хитойнинг “Beijing Hrunan” компанияси мутахассислари иштирок этди.
Мулоқот давомида туманда сув етказиб бериш хизматларини самарали ташкил этиш, мавжуд тизимни янгилаш ва замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳанинг келгуси босқичларини белгилаб олиш масалаларига эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 октябрдаги қарори ижросига қаратилган бўлиб, Дўстлик туманида сув етказиб бериш хизматларини давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали ташкил этишни назарда тутади. Ушбу лойиҳа сув хўжалиги соҳасида бошқарув самарадорлигини ошириш, хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш, замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда аҳоли ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда кооператив фаолиятни янада ривожлантириш, рақамли ечимлардан фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ва лойиҳанинг самарадорлигини таъминлаш бўйича фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, тадбир якунида тегишли вазифаларни амалга ошириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва лойиҳа натижадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА