Жойларда тиббиёт марказларини ташкил қилиш учун имтиёзли кредит ажратилади
Президент фармонида тиббий хизматларни кўрсатишга хусусий секторни кенг жалб этиш билан боғлиқ вазифалар белгиланди.
Хусусан, “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилиб, тадбиркорлик субъектларига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидан бошқа туман (шаҳар)ларда, шунингдек, чегара ҳудудларида юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт марказларини (кейинги ўринларда – Клиникалар) ташкил қилиш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан 3 фоиз банд юқори ставкада 10 йил муддатга (3 йиллик имтиёзли давр билан) 10 миллион долларгача эквивалент миқдорида миллий валютада имтиёзли кредит ажратилади.
Тиббиёт ташкилотларида ишлаш учун жалб этиладиган чет эл фуқароси бўлган шифокор, менежер, консультант ва тиббий жиҳозларга хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар учун:
2029 йил 1 майга қадар ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш учун йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланади;
2026 йил 1 июлдан бошлаб 2029 йил 1 июлга қадар солиқ тўловчи томонидан ўзининг ҳар бир ходими ва унинг ҳар бир оила аъзоси учун йилига 10 миллион сўмдан ошмаган миқдорда тўланадиган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари учун харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.
Тиббиёт ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича ўз эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда уларга қўлланадиган сарф материаллари, шунингдек, А тоифадаги махсус тиббиёт мақсадларига мўлжалланган янги автотранспорт воситалари 2026 йил 1 июндан бошлаб 2029 йил 1 июнгача бўлган муддатга импорт божхона божидан озод қилинади.
ЎзА