Жўқорғи Кенгеснинг сессияси бўлиб ўтди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Сессия кун тартибида дастлаб Қорақалпоғистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг ўринбосари Тоҳиржон Сафаров маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 октябрдаги “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, 2025 йил 29 декабрдаги “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар ва самарадорлик кўрсаткичларига эришиш бўйича чора-тадбирларни Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширишга қаратилган стратегик режалаштириш ҳужжати ҳисобланади.

Стратегиянинг бош мақсади – 2030 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг сув танқислиги ва экологик хавфларга мослашган, қишлоқ хўжалигида сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги юқори бўлган, Нукус шаҳри атрофида хизматлар, илм-фан, таълим, туризм ва бошқарув маркази шаклланган, Қўнғирот – Тахиатош – Қораўзак – Хўжайли саноат-энергетика йўлагида юқори қўшилган қийматли лойиҳалар жойлаштирилган, Мўйноқ ва Оролбўйи ҳудудларида экологик тикланиш, балиқчилик, экологик туризм ва яшил иқтисодиётга асосланган янги ривожланиш модели йўлга қўйилган рақобатбардош ҳудудга айлантиришдан иборат.

Ушбу бош мақсадга эришиш учун камбағалликни қисқартириш, барқарор бандликни таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, саноат, қайта тикланувчи энергетика ва инвестиция салоҳиятини ошириш, туризм, маданий мерос ва хизматлар соҳасини комплекс ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, транспорт-логистика ва ҳудудлараро боғлиқликни таъминлаш, экологик тикланиш, иқлимга мослашув ва инфратузилмани барқарор ривожлантириш каби стратегик йўналиш белгиланади.

Муҳокамалардан сўнг ушбу масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурда белгиланган вазифаларнинг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи, Жўқорғи Кенгеснинг Саноат қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг ахбороти, Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири