Жўқорғи Кенгес раиси болаларни байрам билан қутлади
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Имкон” реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, бу ерда тарбияланаётган болаларни байрам билан қутлади.
[gallery-29728]
Бугунги кунда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларнинг, болаларнинг таълим олиши, саломатлигининг мустаҳкам бўлиши, баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Оролбўйи болалари саломатлигини тиклаш мақсадида ташкил этилган “Имкон” кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ўқиб, билим олиши ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилгани ана шу йўналишдаги амалий ишлардан саналади. Ушбу муассасада таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлари, болалар церебрал фалажи бўлган, психик ривожланишида кечикаётган, аутизм, заиф эшитувчи ва кўрувчи 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар амбулатор равишда даволанади. Тиббий ёрдамга муҳтож ушбу болаларни реабилитация қилиш йўлида тажрибали мутахассислар ва педагог устозлар туну кун фидокорона меҳнат қилмоқда.
Тадбирда Жўқорғи Кенгес раиси томонидан болаларга байрам муносабати билан совғалар топширилди.
Байрам тадбири болалар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА