Жондорда саноат ва хизматлар соҳаси изчил ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилояти Жондор туманида саноатни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилаётган лойиҳалар самараси туманнинг иқтисодий кўрсаткичларида ҳам намоён бўлмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 638,2 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 107,2 фоизга етди. Хизматлар ҳажми эса 802,1 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 112,6 фоиз бўлди.
Туманда саноат зоналари имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, «NAJMIDDIN-KOMIL» масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 2,3 миллиард сўм бўлиб, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 800 миллион сўмни ташкил этади. Лойиҳа доирасида ҳар йили давлат бюджетига 150 миллион сўм миқдорида тушум таъминланиши кўзда тутилган.
[gallery-30934]
Шунингдек, тумандаги «Қароли» кичик саноат зонаси ҳудудида «АТУ Бухоро» МЧЖ ҚК томонидан турли хил алюминий ошхона идишлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 800 миллион сўмни ташкил этиб, давлат бюджетига ҳар йили 130 миллион сўм тушум келтириши кутилмоқда. Бу ерда 16 нафар маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўрни яратилди.
Бундай лойиҳалар маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туманда саноат ва хизматлар соҳасидаги ўсиш, янги инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имкониятлар ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА