Жо Байден оғир касалликка қарши курашмоқда (+видео)
АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден оғир касалликка қарши курашмоқда, деб хабар тарқатди Euronews
Жо Байденнинг ўғли Хантер Байден отасининг касаллиги жуда оғир кечаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, простата бези саратони суякларга тарқалган. Шунга қарамай, 83 ёшли Байден ҳали ҳам фаол ва касалликка қарши курашишда давом этмоқчи.
Унга ўтган йили простата безининг агрессив шаклдаги саратони ташхиси қўйилган эди. Ҳозир касаллик бошқа аъзоларга таъсир ўтказмоқда. Бу ҳақда унинг ўғли Хантер BBCга берган интервьюсида ҳам айтган.
«Ҳозир отамнинг соғлиғи ҳақида айта оладиган ягона нарсам шуки, ҳақиқатан ҳам ўзини жуда ёмон ҳис қиляпти. Бу касаллик жуда оғриқли ва кўп жиҳатдан ҳолдан тойдиради. Аммо у ҳали ҳам фаол ва ўз ишлари билан шуғулланяпти», — деган Хантер Байден.
Жо Байденнинг касаллиги ҳақида расман ўтган йил май ойида маълум қилинган эди. Ўша пайтда у терисидаги саратон ўчоқларини олиб ташлаш учун операция қилинган ва нур билан даволаш курсини ҳам якунлаган.
Касаллигига қарамай, Байден жамоатчилик тадбирларида иштирок этишда давом этмоқда. Яқинда у Мэриленд штатида Демократик партия учун маблағ йиғиш тадбирида нутқ сўзлади.
Простата бези саратони одатда секин ривожланади ва кўпроқ кекса эркакларда учрайди. Касаллик баъзан йиллар давомида ҳеч қандай аломат бермаслиги ва шу сабабли аниқланмай қолиши мумкин. Касалликнинг кечки босқичларида эса саратон кўпинча суякларга тарқалади.
Жо Байденнинг рафиқаси, АҚШнинг собиқ биринчи хоними Жилл Байден ҳам бу ҳақда интервью бериб, турмуш ўртоғининг бир умр шу касаллик билан курашиб келганини айтган. Тиббиёт мутахассисларининг айтишича, саратон суякларга тарқалганидан кейин касалликни бутунлай даволаш имкони бўлмайди.
Шунингдек, АҚШнинг собиқ президенти ўз хотиралар китобини нашр этишни режалаштирмоқда. Китоб «Менга ваъда бер, Америка» деб номланади.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/MXvalVTH48Y" title="Jo Bayden og‘ir kasallikka qarshi kurashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА