Ҳурмуз бўғози қачон очилади? Эрон Вашингтонга бир неча талаб қўйди
Эрон Ҳурмуз бўғози орқали хавфсиз кема қатновини тиклаш масаласида Ўмон билан келишувни якунлаш арафасида. Теҳрон бўғозни тўлиқ очишдан олдин Қўшма Штатлар бир неча талабни бажариши кераклигига урғу берган: ҳарбий ҳаракат етказган зарар учун товон тўлаш, санкцияни бекор қилиш ва янги ҳарбий таҳдидни тўхтатиш.
Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий айтишича, Ўмон билан янги денгиз йўлагини белгилайдиган келишув якуний босқичда. Ҳужжат бўғоз қачон очилиши эмас, Қўшма Штатлар Теҳрон қўйган шартни бажаргач, қайси йўналишдан кема ўтиши мумкинлигини белгилайди. Теҳрон ва Вашингтон ҳозирча бевосита музокара олиб бормаяпти. Томонлар ўртасидаги хабарлар воситачилар орқали етказилмоқда.
Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳаммад Боқир Зулқадр айрим бошқа талабларни ҳам санаб ўтди: Форс кўрфазидаги денгиз қамалини бекор қилиш ва музлатилган Эрон активини қайтариш. Шунингдек, Ливан, Фаластин, Яман ва Ироқдаги иттифоқчиларга қарши ҳаракатни ҳам тўхтатиш сўралмоқда.
Вашингтон эса масалага бошқача ёндашяпти. Расмийлардан бири “Reuters” агентлигига савдо қатновини тиклаш бўйича келишув эълон қилинса, Эрон портларига қўйилган қамал бекор қилинишини айтди. Шу билан бирга бу қадам Теҳрон ўз мажбуриятини бажариши билан ҳам боғланган.
Ҳурмуз атрофидаги кескинлик ҳали бартараф этилгани йўқ: Бирлашган Араб Амирликлари Эронни давлат нефть компаниясига алоқадор кемалардан бирига ҳужум қилишда айблади. Теҳрон бу баёнотга ҳали муносабат билдирмаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА