Британия денгиз флоти дронидаги камералар Хитойга маълумот узатгани аниқланди
“The Telegraph” нашри хабар беришича, Буюк Британия расмийлари қироллик ҳарбий-денгиз флотига тегишли сув усти дронларига ўрнатилган камералар Хитойдаги IP-манзилга техник маълумот юбораётганини аниқлаган.
Гап Британиянинг “Kraken Technology Group” пудратчиси томонидан етказиб берилган “K3 Scout” дронлари ҳақида бормоқда. Камералар учун асбоб-ускуна илгари хавфсизлик кафолатини берган учинчи томон компаниясидан харид қилинган.
Текширув давомида камералар таркибида Хитойда ишлаб чиқарилган қисмлар борлиги, мазкур қурилмалар тармоққа уланиб, тизим ҳақидаги маълумотни Пекинга узатиб тургани маълум бўлди.
Британия Мудофаа вазирлиги ушбу ҳолатни аниқлагач, дронларни дарҳол интернет тармоғидан узди. Вазирлик вакили таъкидлашича, суриштирув жараёнида махфий ёки муҳим аҳамиятга эга маълумот четга чиқиб кетганига доир ҳеч қандай далил топилмаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА