Жиззахлик боғча раҳбари Чехиянинг Карлов университетида малака оширмоқда
Жиззах шаҳридаги 12-сонли боғча директори Мамлакат Эрматова Чехиянинг Карлов университетида малака оширмоқда. У олти нафар ўзбекистонлик боғча раҳбаридан иборат гуруҳ таркибида халқаро дастурда қатнашяпти. Иштирокчилар Европа таълим тизими ва педагогик методикаларни ўрганмоқда.
Жиззах шаҳридаги 12-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Мамлакат Эрматова ҳам айни пайтда Чехияда малака оширмоқда. У Карлов университетида ташкил этилган халқаро ўқув дастурида қатнашяпти.
Дастур олти нафар ўзбекистонлик давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарини бирлаштирган. Машғулотларда соҳани бошқариш ва педагогик маҳоратни ривожлантириш масалалари қамраб олинган. Иштирокчилар мактабгача таълимнинг долзарб муаммолари юзасидан фикр алмашмоқда.


Хусусан, тарбиячиларнинг психологик барқарорлиги ва касбий фаровонлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон ҳамда Европа мамлакатлари таълим тизимлари қиёсий таҳлил қилинмоқда.
Шунингдек, Чехиядаги мактабгача таълим тамойиллари ва педагогик методикалар ўрганиляпти. Амалий машғулотлар назарий билимларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.


Дастур иштирокчилари маҳаллий таълим муассасалари фаолияти билан ҳам танишмоқда. Жумладан, “Sugar Cube” боғчасига ташриф буюрилди. Чехия ҳаёт фанлари университети ҳузуридаги мактабгача таълим муассасаси тажрибаси ҳам ўрганилмоқда.
Бундай ташрифлар хорижий тажрибани бевосита кузатиш имконини беради. Иштирокчилар таълим жараёни, бошқарув ва тарбия усулларини амалда кўрмоқда. Бу эса ўз муассасалари фаолиятига янгича назар ташлашга ёрдам беради.


Мамлакат Эрматованинг таъкидлашича, дастур назария ва амалиётни уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
—Машғулотларда назарий билимларимизни амалиёт билан таққослаяпмиз. Янги педагогик ёндашувларни ўзлаштириш имкониятига эга бўлдик. Боғчалар фаолиятини кузатиш, мутахассислар тажрибасини ўрганиш фаолиятимиз учун жуда фойдали, — дейди у.


Дарҳақиқат, таълим сифати кўп жиҳатдан раҳбар ва педагогларнинг изланишига боғлиқ. Хориж тажрибасини миллий қадриятлар билан уйғунлаштириш ҳам муҳим. Зеро, ҳар қандай янгиликнинг ҳақиқий самараси унинг амалиётдаги натижаси билан ўлчанади.
Мамлакат Эрматова томонидан ўзлаштирилган янги педагогик ёндашувлар келгусида муассаса фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилади. Уларнинг амалиётга татбиқ этилиши эса тарбияланувчилар таълим-тарбияси сифатини оширишга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири