Фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ота-оналари хорижда дам олмоқда
Жиззах вилояти Арнасой туманида фан олимпиадалари ғолиблари, уларнинг ота-оналари ва устозлари учун Миср ҳамда Хитойга саёҳат ташкил этилди. Математика йўналишида ғолиб бўлганлар Мисрга, инглиз тили билимдонлари эса Хитойга йўл олди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Туманда ёшларнинг билим ва иқтидорини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор амалий рағбат билан уйғунлашмоқда. Бунинг яққол ифодаси сифатида туман ҳокими Одил Мусановнинг ташаббуси билан ташкил этилган фан олимпиадалари ғолиблари учун хорижий мамлакатларга саёҳат уюштирилди.
Эътиборлиси, мазкур имконият фақат ўқувчиларнинг ўзи билан чекланмаган. Арнасой туман ҳокими кубоги доирасида математика ва инглиз тили фанларидан ўз ёш тоифаларида ғолиб бўлган тумандаги 5-, 8-, 20-сонли ҳамда Ихтисослашган мактабларнинг ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, фан ўқитувчилари ва мактаб директорлари ҳам ушбу сафарларда иштирок этмоқда. Яъни боланинг ютуғи ортида турган оила ва таълим муассасаси жамоаси ҳам муносиб эътироф этилмоқда.


Танловда математика йўналишида ғолиб бўлган ўқувчилар Миср Араб Республикасига, инглиз тили бўйича ғолибликни қўлга киритганлар эса Хитой Халқ Республикасига йўл олди. Бир ҳафталик сафарлар давомида иштирокчилар ушбу мамлакатларнинг тарихи, маданияти, миллий қадриятлари ва тараққиёт тажрибаси билан яқиндан танишмоқда.
Мисрдаги сафар дастури қадимий цивилизация мероси, машҳур обидалар ва бетакрор меъморий ёдгорликлар билан танишувни қамраб олган. Ўқувчилар дарсликларда ўқиган тарихий маълумотларини ўз кўзлари билан кўрган манзиллар орқали янада чуқурроқ англамоқда. Хитойга борган иштирокчилар эса музейлар, тарихий экспозициялар ва маданий масканларда бўлиб, ушбу мамлакатнинг кўп асрлик тараққиёт йўли, урф-одатлари ва бой мероси ҳақида тасаввурларини кенгайтирмоқда.


Бундай сафарларнинг аҳамияти, албатта, янги мамлакатларни кўриш билангина ўлчанмайди. Улар ёшларда мустақил дунёқараш, изланиш, хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш ва турли халқлар билан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, билим ва меҳнат орқали эришилган ғалаба инсон ҳаётида янги имкониятлар эшигини очиши мумкинлигини амалда кўрсатади.
Ташаббуснинг яна бир эътиборли томони, унда ота-оналар, ўқитувчилар ва мактаб директорларининг ҳам иштирок этаётганидир. Зеро, ўқувчининг ҳар бир ютуғи ортида оиланинг меҳри ва қўллаб-қувватлаши, устознинг сабр-тоқати ва меҳнати, мактабда яратилган таълим муҳити мужассам. Уларнинг биргаликда тақдирланиши эса таълим-тарбия жараёнидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини янада оширади.


Арнасой тажрибасининг ибратли жиҳати ҳам шунда: ғолибликни шунчаки диплом ёки эсдалик совғаси билан эмас, балки янги билим, таассурот ва ҳаётий тажриба берадиган имконият билан рағбатлантириш йўли танланган. Бу ёндашув ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, устозларнинг меҳнатига эътиборни ошириш ва ота-оналарнинг таълим жараёнидаги фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу каби рағбатлантириш тизимининг бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштирилиши таълим сифатини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Чунки ёшлар учун энг катта рағбат уларнинг меҳнати қадрланаётганини ҳис этиш, эришган натижаси янги марралар сари йўл очаётганини кўришдир.


Арнасойлик ғолибларнинг Миср ва Хитой сафари ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси. Бугун бир неча мактаб ўқувчилари учун яратилган имконият эртага юзлаб тенгдошларини билим олишга, изланишга ва ғалаба қозонишга ундаши, шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири