Илм, тафаккур ва ижод ёшларни янги марралар сари руҳлантирмоқда
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида мамлакат тараққиётини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири — билимли, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятли ва ижодий салоҳиятга эга авлодни тарбиялашдир. Зеро, илмга таянган жамиятгина замон билан ҳамнафас бўлиб, келажак сари дадил қадам ташлай олади. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда илм-фан, маърифат, китобхонлик ва ёшлар тарбиясига қаратилаётган эътибор халқнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда.
Айни мақсадларга уйғун тарзда Бухоро вилоятида “Ўзбекистон — ўз-ўзимизники!” шиори остида “Маърифат ҳафталиги” кенг қамровли тадбирлар, маърифий мулоқотлар ва ижодий учрашувлар билан давом этмоқда.
Ҳафталик доирасида Бухоро техника университетида “Илм — келажак калити” лойиҳаси асосида ташкил этилган учрашувда илм-фаннинг инсон камолоти ва жамият тараққиётидаги ўрни, замонавий билимларни эгаллаш, изланиш ва янгилик яратишнинг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги рақобатдош дунёда мамлакатнинг иқтисодий қудрати, халқаро майдондаги нуфузи ва тараққиёт истиқболи, аввало, инсон капитали, илмли ва ташаббускор ёшлар салоҳияти билан белгиланади. Шу боис ёшларнинг билим олиши, касбий маҳоратини ошириши, замонавий технологияларни чуқур ўзлаштириши учун имконият яратиш стратегик аҳамият касб этади.
Учрашувда маърузачилар ёшларни илм йўлида собитқадам бўлишга, ўз устида мунтазам ишлашга, эгаллаган билимларини Ватан равнақига йўналтиришга чақирдилар. Талабалар билан кечган самимий мулоқот, савол-жавоблар эса учрашувнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.

Дарҳақиқат, илмли авлодни тарбиялаш фақат таълим муассасаларининг вазифаси эмас. Бу жараён оила, маҳалла ва жамиятнинг муштарак масъулиятини талаб этади. Зеро, маърифатли ёшнинг шаклланишида китобхонлик маданияти, оиладаги соғлом маънавий муҳит ва катталарнинг шахсий намунаси муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан олиб қарананда, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Санжар Собиржоновнинг “Маърифатли болани маърифатли она тарбиялайди” мавзусидаги мулоҳазалари ҳам эътиборга молик бўлди.
У ўз чиқишида фарзанд тарбиясида онанинг ўрни, оилада китобхонлик муҳитини шакллантириш ва ёшларда мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш масалаларига тўхталди. Китоб мутолааси инсон тафаккурини бойитиши, воқеа-ҳодисаларга мустақил баҳо бериш ва таҳлил қилиш кўникмасини шакллантиришини алоҳида таъкидлади.
— Дунёни китоб ўқиганлар бошқаради. Чунки бугунги рақобат даврида асосий куч билим, тафаккур, интеллектуал салоҳият ва янгилик яратиш қобилиятидадир, — деди Санжар Собиржонов.
Профессорнинг фикрича, фарзандларга китоб совға қилишнинг ўзи кифоя эмас, энг муҳими, ота-оналарнинг ўзи мутолаа қилиб, шахсий намуна кўрсатишидир. Зеро, китобхон оилада тафаккурли авлод, тафаккурли авлод бор жойда эса тараққиёт ва юксалиш бўлади.
Ҳафталикнинг яна бир муҳим йўналиши ёшларни ахборот хуружлари ва зарарли ғоялардан ҳимоя қилиш, уларда соғлом дунёқараш ҳамда маънавий иммунитетни шакллантиришга қаратилди.

Хусусан, Бухоро давлат педагогика институтида “Уйғоқ идрок” лойиҳаси доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтказилган маърифий учрашувда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш, жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун ахборот оқими ниҳоятда тезлашган бир шароитда ҳар қандай маълумотни ҳақиқат сифатида қабул қилмаслик, уни таҳлил қилиш, манбасини текшириш ва тўғри хулоса чиқариш муҳим ҳаётий кўникмага айланмоқда. Шу боис ёшларда ахборот маданиятини шакллантириш, уларни турли ёт ғоялар ва мафкуравий таъсирлардан асраш нафақат маънавий-маърифий, балки ижтимоий аҳамиятга эга вазифадир.
Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, мавзу юзасидан фикр алмашдилар. Маърифат ҳафталиги ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, уларни миллий санъат ва маданият анъаналарига яқинлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, Бухоро тумани Мусиқа ва санъат мактабида “Истеъдодлар давраси” маҳорат дарси ташкил этилди. Унда иқтидорли ёшлар, хонандалар, созандалар ва ижодкорлар таниқли санъат намояндалари билан учрашиб, ўз маҳоратини ошириш, тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.
Маърифий тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти Жавдат Пўлатов, Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Шуҳрат Воҳидов ҳамда “Овоз” лойиҳаси иштирокчиси, эстрада хонандаси Сардор Шавкатов қатнашди.

Таниқли санъаткорлар ёш ижодкорлар билан ўзларининг ижодий изланишлари, саҳна тажрибаси ва ҳаёт сабоқларини ўртоқлашиб, истеъдодни ривожлантиришда меҳнат, изланиш, интизом ва миллий қадриятларга садоқатнинг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.
Бундай учрашувларнинг аҳамияти шундаки, ёшлар ўзлари ҳавас қиладиган санъат намояндалари билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг тажрибасидан сабоқ олиш ва ўз имкониятларини янада кенгроқ намоён этиш имкониятига эга бўлмоқда.
Умуман олганда, Бухорода ўтаётган “Маърифат ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар мазмун-моҳияти жиҳатидан бир-бирини тўлдириб, ягона мақсад — билимли, маънавиятли, мустақил фикрлайдиган ва юксак салоҳиятли авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири