Жиззах сомсаси энди Тахтакўпирда ҳам севиб истеъмол қилинади
Жиззах вилояти Тахтакўпир туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашади. Ҳудудда ёшларни автомобиль заводида иш билан таъминлаш ва олий таълим муассасаларида ўқитиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, туманда «Жиззах сомсаси» бренди остида янги маскан очилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида Жиззах вилоятига Тахтакўпир туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кўмаклашиш вазифаси юклатилган.
Шу муносабат билан вилоят делегацияси ушбу туманда бўлиб, маҳаллий мутасаддилар билан ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Учрашувларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.


Хусусан, эҳтиёжманд оилалардаги беморларни Жиззах вилоятида даволаш бўйича манзилли чоралар белгилаб олинди. Ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳам келишиб олинди.
Тахтакўпирлик ёшлар учун замонавий шароитлар яратиш, спортда чемпионлар сафини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қорақалпоғистонлик ёшларни Жиззах олий таълим муассасаларида ўқитиш бўйича ҳамкорлик режалари муҳокама этилди.


Шунингдек, ёшларни япон тилига ўқитиш ва автомобиль заводида иш билан таъминлашга кўмаклашиш ташаббуслари илгари сурилди.
Туманнинг сайёҳлик имкониятлари ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади. Қаратерен кўли соҳилида ташкил этилган экотуристик маскан бу борадаги имкониятларни намоён этади.
Ҳудудда йирик тадбирларга мўлжалланган 10 дан ортиқ замонавий ўтов қад ростлаган. Маҳаллий аҳоли турмуши ва маданиятини акс эттирувчи буюмлар жамланган музей ҳам сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.

Кузатув майдончаси ва Боршетов тепаликларига олиб чиқувчи зина сайёҳлар учун қўшимча имконият яратган. Бу манзилнинг туристик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Эътиборлиси, ҳамкорлик фақат ижтимоий ва туристик лойиҳалар билан чекланмайди. Жиззахнинг гастрономик салоҳиятини Қорақалпоғистонда тарғиб этиш ҳам режалаштирилган.
Ёш тадбиркорлар ташаббуси билан Тахтакўпирда «Жиззах сомсаси» бренди остида янги сомсахона очиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа миллий таомларимизни кенг тарғиб қилиш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Зеро, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси аҳоли ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлади. Жиззах сомсасининг янги манзилда тақдим этилиши ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири