Жиззах божхонаси: тартиб ва тараққиёт
Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-тур ва матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташқи иқтисодий фаолият учун яратилаётган қулайликлар ҳамда қонунбузарликларга қарши кураш натижалари билан яқиндан танишди.
Тадбир доирасида журналистлар дастлаб “Жиззах ТИФ” божхона пости фаолиятини кўздан кечирди. Постда юкларни тезкор ва шаффоф расмийлаштириш, рақамли назорат механизмларини кенг жорий этиш ҳамда тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, “BMB NRC Agrologistics” МЧЖ ва “ADM-Жиззах” МЧЖда божхона тартиб-таомилларининг амалдаги самараси, импорт-экспорт жараёнларидаги енгилликлар ва ишлаб чиқариш қувватлари билан танишилди.
Матбуот анжуманида Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ортиқов мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, давлат бюджети даромадларини ошириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бугунги божхона тизимининг устувор вазифаси эканини таъкидлади:
— Бугун божхона органлари фақат назорат қилувчи тузилма эмас, балки ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун ишончли ҳамкорга айланмоқда. Асосий мақсадимиз — қонуний тадбиркорликка кенг йўл очиш, ноқонуний айланмага эса мутлақо муросасиз муносабатда бўлишдан иборат.
Тадбирда қайд этилганидек, 2025–2026 йиллар давомида бошқарма томонидан давлат бюджетига тушумларни таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, белгиланган 2,89 триллион сўмлик режа 107,6 фоизга бажарилиб, бюджетга 3,6 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу даврда жами 5,28 триллион сўм божхона тўловлари ҳисобланиб, 3,79 триллион сўмлик имтиёзлар қўлланилди.
Божхона назорати ва аудити йўналишида ҳам самарадорлик ошгани рақамларда яққол намоён бўлди. Назорат ва расмийлаштирув жараёнларида 13,4 миллиард сўм қўшимча божхона тўловлари аниқланиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоизга ўсди. Ўтказилган божхона аудитлари натижасида эса 825,3 миллион сўм божхона тўловлари ундирилди. Бу мазкур йўналишда самарадорлик 15 баробар яхшиланганини кўрсатади.
Ҳисобот даврида 25 минг 559 та автотранспорт ва 3 минг 410 та темир йўл орқали ташилган ташқи савдо юклари божхона назоратидан ўтказилди. Амалга оширилган 2 минг 262 та божхона кўригининг 288 тасида 2,18 миллиард сўмлик тафовутлар аниқлангани тизимда хавф-хатарларни эрта бартараф этиш механизми кучайтирилаётганидан далолат беради.
Экспертиза йўналишида ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Божхона экспертизалари асосида 8,3 миллиард сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ўсиш суръати 13,5 фоизни ташкил этди.
Тадбирда ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайта ишлаш режимида 25 та тадбиркорлик субъекти томонидан қиймати 17,1 миллион долларлик хомашё импорт қилиниб, қиймати 20,1 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорти амалга оширилди. Шунингдек, вилоятда қиймати 2 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳасининг ижроси таъминланди.
— Ислоҳотларнинг туб моҳияти — “рақамли божхона” тамойили асосида инсон омилини қисқартириш, ҳалол тадбиркор учун енгил ва тезкор тизим яратишдан иборат. Ҳар бир қонуний юк ортида иш ўрни, инвестиция ва иқтисодий ўсиш турибди. Шу боис божхонада шаффофлик ва тезкорликни таъминлашни энг муҳим вазифалардан бири сифатида кўряпмиз, — деди бошқарма раҳбари.
[gallery-29516]
Матбуот анжуманида қонунбузарликлар ва контрабандага қарши кураш натижалари ҳам очиқланди. Хусусан, 7 та ҳолатда қиймати 256 миллион сўмлик қарийб 6 минг қути тамаки маҳсулотлари, 28 та ҳолатда қарийб 3 миллиард сўмлик 8 минг 262 литр спирт ва алкоголь маҳсулотлари, 33 та ҳолатда 4 минг литр нефть маҳсулотлари, 5 та ҳолатда 1 миллиард 405 миллион сўмлик заргарлик буюмлари ҳамда 21 та ҳолатда 74 минг донадан ортиқ пиротехника воситалари ноқонуний айланмадан олинди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида 796 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 63 нафар шахс расман огоҳлантирилди. Бошқарма фаолияти ва амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 1620 маротаба ахборот чиқишлари ташкил этилди.
Тадбир якунида Жиззах вилояти божхона бошқармаси келгусида ҳам давлат бюджети даромадларини барқарор таъминлаш, контрабандага қарши муросасиз курашиш, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, божхона тартиб-қоидаларини янада соддалаштириш ва коррупцияга қарши қатъий чораларни давом эттириш устувор вазифа бўлиб қолиши таъкидланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари