БРБ Корпоратив университети лойиҳаси тақдимот қилинди
Тошкент шаҳридаги “Интерконтинентал Тошкент” меҳмонхонасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, замонавий бошқарув кўникмаларини оммалаштириш ҳамда тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббус – БРБ Корпоратив университети лойиҳасининг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур стратегик лойиҳа бизнес-таълим соҳасида жаҳоннинг етакчиларидан бири – СКОЛКОВО Москва бошқарув мактаби билан ҳамкорликда, миллий хусусиятлар ва ҳудудлардаги реал бизнес вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон миллий ривожланиш институти сифатида барпо этилмоқда.
Бугунги кунда кичик ва ўрта бизнес Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳақиқий локомотиви ҳисобланади. Ушбу соҳа мамлакат ЯИМнинг 54,3 фоизини шакллантириб, унда 10,5 миллиондан ортиқ юртдошимиз меҳнат қилмоқда. Шунингдек, ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингга яқин шижоатли ёшлар кириб келмоқда.
Замон талаби ўзгариши билан тадбиркорларга фақатгина молиявий ресурс ёки кредит эмас, балки тўғри бошқарув қарорлари, бозор конъюнктурасини чуқур англаш ва рақамли кўникмалар сув билан ҳаводек зарурдир. Корпоратив университет ана шу эҳтиёжларни қоплаш ва Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий келажагини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
Университет бир вақтнинг ўзида ҳам ички (банк ходимлари), ҳам ташқи (мижозлар ва тадбиркорлар) аудитория билан бирдай ишлайдиган ягона ривожланиш муҳитини яратади.
Университет фаолиятининг ҳозирда режалаштирилаётган устувор йўналишлари:
Замонавий технологиялар: Рақамли трансформация, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда замонавий бошқарув ёндашувлари (Lean, Kaizen, Agile).
Бизнесни қўллаб-қувватлаш: Кичик ва ўрта бизнес вакилларини ўқитиш, бизнесни масштаб canлаштириш, маркетинг, экспорт ва e-commerce (электрон тижорат) йўналишлари.
Стартаплар ва Инновациялар: BRB Startup Hub (БРБ Стартап Ҳаб) орқали истиқболли бизнес ғояларни қўллаб-қувватлаш.
Ижтимоий масъулият: Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш.
Банк трансформацияси: Банк ходимларида тадбиркорлик тафаккури, рақамли саводхонлик ва мижозлар билан ишлаш компетенцияларини ривожлантириш.
Билимларни юқори даражада етказиш учун Банкнинг кучли мутахассислари ва раҳбарларидан иборат Ички экспертлар (ментор ва устозлар) базаси шакллантирилади.
Банк Ахборот хизмати
Реклама