Жиноят иши бўйича ашёвий далил бўлган мобил телефонлар йўқ қилинди
Мажбурий ижро бюросининг Юнусобод туман бўлими иш юритувига Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2026 йил 15 майдаги ижро варақаси келиб тушди.
Мазкур ижро ҳужжатига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹-моддаси иккинчи қисми ҳамда бошқа моддалари билан айбли деб топилган Ф.Н.га оид жиноят ишида дастлабки тергов органи томонидан ашёвий далил сифатида эътироф этилган бир дона Samsung, iPhone 12 mini ва iPhone 12 Pro Max русумли мобил телефонларни суд ҳукми қонуний кучга киргач белгиланган тартибда йўқ қилиш белгиланган.

Ижро ҳужжати 2026 йил 24 июнь куни бўлим иш юритувига келиб тушиб, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ ижро иши қўзғатилди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 2026 йил 27 июнь куни холислар иштирокида мазкур мобил телефонлар белгиланган тартибда яроқсиз ҳолатга келтирилиб, йўқ қилинди.
Мажбурий ижро бюроси томонидан суд ҳужжатларининг ижроси қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда таъминланиб, жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларни йўқ қилиш жараёнлари ҳам белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА