Хоразмдаги корхона йилига 35 миллион АҚШ долларлик трикотаж маҳсулотларини экспорт қилмоқда
Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ш.Тўраев “UZTEX GROU” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада бўлиб, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, ташқи иқтисодий фаолияти ҳамда экспорт салоҳияти билан яқиндан танишди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг ўтган даври давомида корхона томонидан Россия, Литва ҳамда Германия давлатларига қиймати 15,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 1 минг 100 тонна тайёр трикотаж маҳсулотлари экспорт қилинган.

Мулоқот давомида корхона раҳбарияти бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга хориж бозорларида талаб тобора ортиб бораётгани, шу боис экспорт юкларини ўз вақтида етказиб бериш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, кейинги вақтларда тақдим этилаётган божхона юк декларацияларининг хавфни бошқариш тизимида “сариқ” ёки “қизил” йўлакка тушаётгани экспорт жараёнига маълум даражада таъсир кўрсатаётганини билдириб, ушбу масала юзасидан амалий ёрдам сўради.

– Божхона органлари томонидан тадбиркорларнинг қонуний фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспорт жараёнларида учраётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва улар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Ш.Тўраев. – Зеро, божхоначи ҳар доим тадбиркорга кўмакчидир.


Мурожаат юзасидан масъулларга ҳолатни белгиланган тартибда атрофлича ўрганиш, тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА