Жазирама қурбони: Токиода уч шер нобуд бўлди
Японияда кузатилаётган рекорд даражадаги иссиқ фақат одамлар эмас, жониворлар ҳаётига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Токиодаги “Tama Zoological Park” ҳайвонот боғида бир неча кун ичида уч урғочи шер эҳтимолий иссиқ уруши оқибатида нобуд бўлган. Мажмуа маъмурияти маълумотига кўра, июль ўрталаридан бери 16 шернинг 10 нафарида иштаҳа йўқолиши, ланжлик каби хавотирли аломатлар кузатилган. Ҳозир яна бир неча шер ветеринарлар назорати остида. Жониворлар сақланадиган ҳудуд вақтинча ёпилган.
Ҳалок бўлган шерларда кучли сувсизланиш ва бир неча ички аъзо фаолияти издан чиққани аниқланган. Айни ҳолатнинг асосий сабаби сифатида Японияга хос юқори намлик кўрсатилган. Яъни, нам ҳаво Африканинг қуруқ, иссиқ иқлимига мослашган ҳайвон танасига тушадиган юкламани бир неча баробар оширади. Ёмғир мавсуми тугаши билан ҳарорат кескин кўтарилиши вазиятни янада оғирлаштирган.
Ҳодисадан сўнг ҳайвонот боғида фавқулодда чоралар кучайтирилди. Энди шерлар сақланадиган жойга мунтазам сув сепилмоқда, шамоллатиш тизими кучайтирилган, қўшимча совутиш ускуналари ўрнатиляпти. Мутахассислар бундай чоралар ҳам фавқулодда иссиқ шароитида доим кутилганидек самара бермаслигини таъкидламоқда. Шу боис қолган ҳайвонларнинг аҳволи доимий кузатувга олинган.
Японияда аномал иссиқ тобора кучаймоқда. Сўнгги ҳафталарда мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40°Cга етди, бир ҳафта ичида қарийб 18 600 киши иссиқ уруши ташҳиси билан шифохонага ётқизилди. Ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи PETA ташкилоти ушбу воқеадан кейин ёввойи ҳайвонларни асирликда сақлаш амалиётини яна бир бор танқид қилди. Олимлар эса иқлим ўзгариши туфайли иссиқ тўлқин тез-тез такрорланаётгани, бу эса нафақат инсонлар, балки жониворлар учун ҳам жиддий хавфга айланаётганини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА