Ҳаваскор футзалчилар ўртасида рақобат кучаймоқда
Тошкент ахборот технологиялари университети спорт залида ҳаваскор жамоалар ўртасида ўтказилаётган «Ўзбекистон футзал федерацияси Президенти кубоги – 2026/2027» мусобақасининг 3-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
10 та жамоа иштирок этаётган мазкур турнирнинг навбатдаги баҳслари қизғин ва муросасиз курашларга бой кечди. Майдонга тушган футзалчилар ғалаба қозониш, муҳим очколарни қўлга киритиш ва мусобақа жадвалидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун бор имкониятини ишга солди.
Учрашувлар давомида жамоалар ўзаро рақобатлашиб, ўзларининг техник ва тактик тайёргарлигини намойиш этди. Айниқса, юқори ўринлар учун кечаётган беллашувлар турнирга бўлган қизиқишни янада оширмоқда.
Уч тур якунларига кўра, «Parma II» жамоаси 9 очко жамғариб, мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда. 7 очко тўплаган «SQB» иккинчи ўринни эгаллаб турган бўлса, 6 очкога эга «Uzgeo» кучли учликдан жой олган.
[gallery-32648]
Мусобақанинг навбатдаги турларида ҳам жамоалар ўртасидаги рақобат қизғин давом этиши кутилмоқда. Олдиндаги учрашувлар турнир жадвалидаги вазиятга ўзгариш киритиши мумкин.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА