Жавоҳир Синдоров — “Clutch Chess: Champions Showdown 2026” ғолиби!
АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ўтказилган “Clutch Chess: Champions Showdown 2026” турнирида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ғолибликни қўлга киритди.
Мукофот жамғармаси 425 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг сўнгги кунги баҳсларида Жавоҳир Синдоров америкалик Ҳикару Накамура, Фабиано Каруана ва ҳиндистонлик Праггнанандха билан 3 та дуранг, 3 та ғалаба натижасини қайд этди.

Ушбу муваффақият туфайли Синдоров учинчи кунги мусобақалар якунига кўра, 12 очко жамғарди. Турнирнинг биринчи кунидаги 3,5, иккинчи кунги 5 очко ва учинчи кунги 12 очко ҳолатида умумий ҳисобда 20.5 очко тўплаган Ж.Синдоров мусобақада 1-ўринни эгаллади.

АҚШ турнирида ғолибликка эришган Жавоҳир Синдоров умумий мукофот жамғармасининг 125 минг долларига эга чиқди. Шу билан бирга у партиялардаги ғалабалари учун белгиланган мукофот сийламалари ва чемпионга аталган қўшимча жекпотга ҳам эга чиқди.
Т.Рўзиев,
ЎзА