Чавандозлар Ўзбекистон кубогида беллашмоқда
Пойтахтимизда от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича кичик ўсмирлар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги ўтказилмоқда.
Ёшлар ўртасида 120 сантиметр баландликдаги баҳсларда Анна Сигидина «Элис Жи» лақабли от билан ғолиб бўлган бўлса, Дилшод Шокиров «Ла Блу Руж» билан иккинчи, Лочин Тоҳиржонов «Чакаяна» билан учинчи ўринни эгаллади.
Ўсмирлар ўртасидаги мусобақада Полина Дудникова («Вайлант 2») биринчи, Фаррух Усмонов («Буцефал») иккинчи, Лайло Турдалиева («Оранж Уайт») учинчи бўлди. Болалар ўртасида 105 сантиметр баландликдаги баҳсларда Севинч Назарова «Леди» лақабли от билан олтин медалга эга чиқди. Муҳаммадсодиқ Одилжонов «Ред 2» билан кумуш, Севинч Назарова «Элис Жи» лақабли отида бронза медалга эга чиқди.
Ёшлар ўртасида 130 сантиметр баландликдаги баҳсларда Дилшод Шокиров «Ла Блу Руж» ва «Квинтус» лақабли отлар билан мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Анна Сигидина «Элис Жи» билан учинчи бўлди.

Ўсмирлар ўртасида 120 сантиметр баландликдаги баҳсларда Асалхон Сайидаҳмедова («Карина») ғолибликни қўлга киритди. Абдулборий Адҳамов («Мурлан») иккинчи, Асадбек Бориев («Крос») учинчи ўринга сазовор бўлди.
Болалар ўртасида 110 сантиметр баландликдаги баҳсларда Севинч Назарова («Элис Жи») биринчи, Муҳаммадсодиқ Одилжонов («Ред 2») иккинчи, Абубакр Ҳапизов («Свит энд Сауэр») учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг тўртинчи, якуний куни 31 октябрь куни соат 10:00 да бошланади. Унда ёшлар 140, ўсмирлар 130, болалар эса 120 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраш бўйича баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА