Жавоҳир қатнашаётган “Sinquefield Cup 2026” мусобақалари давом этмоқда
Бугун, 12 август куни АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Sinquefield Cup 2026” турнирининг 3-турида маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров оқ доналарда франциялик Максим Вашье-Лаграв билан рўбарў келади.
“Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичи ҳисобланган мазкур турнирнинг ортда қолган 2-тур баҳсида Синдоровнинг ҳиндистонлик Праггнанандха Рамешбабуга қарши ўйини омадсиз якунланди.
Қора доналарда ҳаракатланган Жавоҳир баҳснинг илк юришларидан устунликни ўз тарафига оғдиришга интилиши давомида 16, 24-юриш вазиятларида кичик хатоликларга йўл қўйди. Бу, ўз навбатида Ҳинд шахматчисининг аста-секинлик билан ҳужумкор ҳолатга ўтишига олиб келди.

Ҳиндистонлик Праггнанандханинг 38-юришдаги хатолиги ҳам Жавоҳирни учрашувни дуранг билан якунлашига ёрдам бермади.
Айтиш лозим, бугунгача Синдоров – Праггнанандха нуфузли мусобақаларда ўн олти марта тўқнаш келган. Шундан 6 тасида Ҳинд гроссмейстери, 4 тасида ҳамюртимиз ғалаба қозонган. 6 та ўйинда муроса йўли танланган.
Бугун ўтказиладиган 3-тур ўйинлари остонасида Фабиано Каруана, Уэсли Со, Максим Вашье-Лаграв, Леван Аронян ва Праггнанандха Рамешбабу 1,5 очко билан турнир жадвалида етакчилик қилмоқда.

Уларни таъқиб этаётган Аниш Гири ҳисобида 1 очко мавжуд. Синдоров, Винсент Кеймер, Сэм Севьян 0,5 очко билан 7-9-ўринларда бормоқда. Иккита турдаги мағлубият туфайли Жорден ван Форест охирги поғонани банд этиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат турнир 20 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА