Кураш ва турон спорт турларини АҚШда оммалаштириш масаласи муҳокама қилинди
Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо маркази мажмуасида миллий спорт турларимиз кураш ва туронни халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштириш, икки спорт тури ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, билим ва тажриба алмашиш, уларни нуфузли халқаро комплекс мусобақалар дастурига, Олимпия ўйинлари тизимига киритиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Халқаро Кураш ассоциацияси президенти вазифасини бажарувчи Зиёвиддин Хожиниёзов ҳамда IKA Спорт қўмитаси аъзоси Даниэль Абаев, Халқаро Турон федерацияси раҳбари Фаррух Ниёзимбетов ҳамда Турон федерацияси ижроия кенгаши аъзолари, ҳуқуқшунослар ва мутахассислар иштирок этган мулоқот жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон стратегияси, миллий спорт турларимизни, хусусан ота-боболаримиздан мерос курашни янада ривожлантириш ва унинг жаҳон спорт майдонидаги мавқеи ҳамда халқаро эътирофини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларининг аҳамияти эътироф этилди.

Учрашув давомида кураш спортини Марказий Америка ва Кариб денгизи ўйинлари дастурига киритиш бўйича эришилган ижобий келишувларга юқори баҳо берилди.

Учрашув якунида Халқаро кураш ассоциацияси ва Халқаро турон федерацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланиб, жорий йил октябрь ойида Нью-Йорк шаҳрининг Манҳэттен ҳудудида кураш ва турон спорт турларини биргаликда намойиш этишга қаратилган биринчи қўшма халқаро тадбирларни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Т. Рўзиев, ЎзА