“Жасорат учқунлари” – мардлик, фидойилик ва садоқат
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 январдаги “Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақалари Андижон вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими, мудофаа ишлари, бошқармалари, ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида мусобақа очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар юртимизда ўқувчи ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Ўқувчи-ёшларни миллий қадриятларга содиқлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида 5-9-синф ўқувчиларидан тузилган жамоалар иштирок этди.
[gallery-28779]
Жамоалар саф тайёргарлиги, тиббий билим ва амалий кўникмалар, робототехника, ҳуқуқий саводхонлик ва миллий спорт ўйинлари шартлари асосида ўзларининг билим, иқтидор ва маҳоратларини намойиш этди.
Якуний натижаларига кўра, Булоқбоши тумани жамоаси 1-ўринга сазовор бўлиб, мусобақанинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Иккинчи ўрин Асака тумани, учинчи ўрин эса Улуғнор тумани жамоаларига насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.