Техникум раҳбарлари учун менежерлик ўқув курслари ташкил этилди
Бугунги кунда мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш ва касб-ҳунар таълими тизимини замон талабларига мослаштириш, уни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан интеграция қилиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида техникум директорлари ва уларнинг ўринбосарлари учун менежерлик ўқув курслари бўлиб ўтмоқда.
Техникумлар фаолиятини замонавий талаблар даражасига кўтариш, аввало, уларнинг раҳбар кадрларида замонавий менежмент кўникмаларини шакллантиришни талаб этади. Шу боис ўқув дастурларини ишлаб чиқиш жараёнига маҳаллий мутахассислардан ташқари халқаро тажриба ва илғор хорижий амалиётлар кенг жалб этилди.
Ўқув режа ва дастурлари А.Авлоний номидаги миллий институт, Касбий таълим агентлиги ва Касбий таълимни ривожлантириш институти ҳамда халқаро ҳамкорлар — ГИЗ, German Sparkassenstiftung ва Helvetas лойиҳаси мутахассислари билан биргаликда ишлаб чиқилди.
2026/2027 ўқув йилидан эътиборан менежерлик сертификатини қўлга киритган раҳбарлар учун сезиларли ҳар ойлик устамалар белгиланади. Бунда техникум директорларига лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида, директор ўринбосарларига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгилаш орқали рағбатлантириш назарда тутилган.
Ушбу молиявий рағбат раҳбарларнинг масъулиятини ошириш ҳамда уларнинг ўз малакаларини мунтазам ривожлантириб боришларига кучли туртки беради. А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида бошланган менежерлик ўқув курслари Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб бермоқда. Анъанавий маъмурий бошқарувдан замонавий менежментга ўтиш техникумларнинг меҳнат бозори билан ҳамкорлигини кучайтиради, таълим сифатини оширади ва рақобатбардош кадрлар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА