Жаримани ўз вақтида тўланг (+видео)
Тартиб ҳар қандай ишда энг муҳим омиллардан биридир. Айниқса, йўллардаги тартиб ҳаракат хавфсизлиги ва тинчлигимиз кафолатидир. Бироқ яна бир тартиб бор: у бузилган қоиданинг жаримасини ўз вақтида тўлашдир.
Бугун мамлакатимизда билиб-билмай йўқ қўйилган қоидабузарликнинг жаримаси қанчалик тез бартараф этилса, жариманинг маълум бир қисмига чегирма берилади. Лекин бепарволик ва масъулиятсизликка йўл қўйиб, белгиланган жарималарни тўлашдан бўйин товлаб юрган ҳайдовчилар ҳам учраб туради.
Мазкур муаммога чек қўйиш, маъмурий жарималар ундирувини таъминлаш ҳамда йўлларда тартиб-интизомни янада мустаҳкамлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси йўл-патруль хизмати ҳамкорлигида кенг қамровли қўшма рейд тадбирлари ўтказилди.
Даставвал, вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг саф майдонида ўтказилган эрталабки йўриқномада Бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари бевосита иштирок этиб, ходимларнинг ҳушёрлиги, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиши ҳамда қонунийликка қатъий риоя қилишлари юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.
Тадбир давомида асосий эътибор жарима тўлаш муддатларини ўтказиб юборган, хусусан, жарима қўлланилганидан сўнг белгиланган муддат ичида уни бартараф этмаган ҳайдовчиларни аниқлашга қаратилди.
Рейд давомида йўл патруль хизмати ходимлари тўхтатган транспорт воситалари бюро ходимлари томонидан махсус база орқали зудлик билан текширилди. Текширувлар натижасида тўланмаган жарималари мавжуд бўлган, шунингдек, ижро ҳужжатлари асосида қидирувда турган автотранспорт воситалари аниқланди. Шунингдек, қарздорлигини жойида бартараф этишдан бош тортган ёки йирик миқдордаги қарздорлиги бўлган ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан тегишли тартибда хатланиб, вақтинчалик жарима майдончаларига жойлаштирилди.
– Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик ва, энг асосийси, белгиланган жарималарни ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаш нафақат ҳуқуқбузарлик, балки атрофдагилар ва давлат манфаатларига нисбатан масъулиятсизликдир, – дейди Бюронинг вилоят бошқармаси инспектори Жасур Қурёзов. – Мунтазам ўтказилаётган бу каби қўшма тадбирларда кузатув камералари ва автопатрул тизимларининг имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 минг 200 тадан ортиқ ижро ишлари бўйича 4 минг 300 та автотранспорт воситаси жарима майдонларига жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 3 мингдан ортиғи қарздорлик бартараф этилгандан сўнг тугатилди. Натижада давлат бюджетига 1 миллиард сўм маблағ тушуми таъминланди.
[gallery-31659]
Тадбир фақатгина маъмурий таъсир чораларини қўллаш билан чекланиб қолмади. Қўшма рейд давомида мутасаддилар томонидан ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ҳам ўтказилди. Уларга жарималарни ўз вақтида тўлаш, шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, жаримани дастлабки кунларда чегирма билан тўлаш имкониятлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
<iframe width="1044" height="588" src="https://www.youtube.com/embed/Y4ZiASVJodw" title="Qarzdorliki bartaraf etish ham - burch" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат, видео),
ЎзА мухбирлари