100 миллион долларлик инвестиция истиқболи
Бугунги кунда дунёда шаҳар ва ҳудудларнинг иқтисодий қудрати нафақат мавжуд имкониятлар, балки уларни қай даражада ишга солиш, хорижий сармояни жалб этиш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш билан ҳам белгиланмоқда. Айниқса, тарихий мероси, бой маданияти ва улкан сайёҳлик салоҳияти билан жаҳонга танилган Бухоро учун туризмни янги босқичга олиб чиқиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ўзаро уйғун ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва аҳоли учун янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб, замонавий лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётга янги технологиялар ва илғор тажрибаларни олиб кириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Бухоро вилоятида ҳам ана шу мақсадлар йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Вилоятнинг халқаро туризм маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, сайёҳлар учун янги манзиллар яратиш, саноат ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар шулар жумласидандир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг Хитойнинг China Wanjun International компанияси раҳбари Сон Венчжен билан учрашуви муҳим аҳамият касб этди. Мулоқот давомида Бухорода умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган иккита йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ташаббуслари тақдим этилди.
2017 йилда Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида ташкил этилган China Wanjun International компанияси маданий-туристик лойиҳалар ва саноат паркларини комплекс ривожлантиришга ихтисослашган. Компания лойиҳаларни режалаштириш, қурилиш жараёнларини ташкил этиш, сифат ва харажатларни бошқариш, объектларни эксплуатация қилиш ҳамда инвестицияларни бошқариш йўналишларида фаолият олиб боради. Тақдимотда компаниянинг Хитойдаги йирик девелоперлар, жумладан, Vanke ва Greentown билан ҳамкорлик алоқалари ҳам қайд этилди.
Учрашувда компания вакиллари томонидан Бухоро вилоятида замонавий аквапарк ва кўп функцияли курорт мажмуасини барпо этиш бўйича инвестиция таклифи илгари сурилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳага 40 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш режалаштирилган.
Мазкур ташаббуснинг ўзига хос жиҳати шундаки, режалаштирилаётган мажмуа оддий сув ҳавзалари ёки мавсумий дам олиш маскани билан чекланиб қолмайди. Унда очиқ ҳавода фаолият юритадиган, суви иситиладиган аквапарк, мавзули савдо ҳудуди ҳамда курорт типидаги турар жой мажмуасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Бундай ёндашув дам олиш, савдо-сотиқ ва яшаш учун зарур шароитларни ягона ҳудудда мужассамлаштириш имконини беради. Энг муҳими, суви иситиладиган аквапарк концепцияси йилнинг турли фаслларида ҳам ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини ўрганишга асос бўлади.
Бугун сайёҳлар саёҳат йўналишини танлашда нафақат тарихий обидалар, балки қулай меҳмонхона, оилавий дам олиш, замонавий кўнгилочар масканлар ва сифатли хизматларга ҳам эътибор қаратади. Шу маънода, Бухорода замонавий аквапарк ва курорт мажмуасини ташкил этиш ташаббуси вилоят туризм инфратузилмасини диверсификация қилиш, сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва хизматлар турини кенгайтириш имкониятларини юзага чиқариши мумкин. Бундай мажмуа маҳаллий аҳоли билан бир қаторда, мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар ва саноат паркларида фаолият юритувчи мутахассисларга ҳам хизмат кўрсатиши назарда тутилмоқда.
Учрашувда муҳокама қилинган иккинчи йирик ташаббус эса трансчегаравий таъминот занжирларига ихтисослашган саноат паркини ташкил этиш билан боғлиқ бўлди. Ушбу лойиҳага 60 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган. Саноат паркини ташкил этиш ташаббуси ишлаб чиқариш, товарларни сақлаш, тақсимлаш ва логистика жараёнларини ўзаро боғлаш имкониятларини ўрганишни назарда тутади.
Замонавий иқтисодиётда саноат парки фақат ишлаб чиқариш корхоналари жойлашадиган ҳудуд эмас. У хомашё етказиб бериш, маҳсулот ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва ташқи бозорларга чиқариш жараёнларини бир тизимга бирлаштирувчи инфратузилма вазифасини ҳам бажариши мумкин.
Бухоро вилоятининг географик жойлашуви, иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорлик салоҳиятини инобатга олганда, бундай лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини чуқур ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ишлаб чиқариш ва логистика имкониятларини кенгайтириш маҳаллий корхоналар фаолиятини ривожлантириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Компания тақдимотида аквапарк ва курорт мажмуаси билан саноат паркини ўзаро яқин ҳудудларда жойлаштириш таклифи ҳам билдирилди. Бу орқали туризм, савдо, яшаш ва саноат инфратузилмаси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда. Шу тариқа, умумий қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган икки ташаббус Бухоро иқтисодиётининг турли йўналишларини қамраб олади. Бир томондан, замонавий дам олиш ва сайёҳлик хизматлари ривожлантирилиши кўзда тутилса, иккинчи томондан, ишлаб чиқариш ва логистика имкониятларини кенгайтириш масаласи илгари сурилмоқда. Албатта, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фақат сармоя миқдори ёки тақдим этилган концепция билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Уларнинг иқтисодий самарадорлиги, молиявий барқарорлиги, инфратузилмага бўлган эҳтиёжи ва ҳудуд ривожига таъсири пухта ҳисоб-китоблар асосида баҳоланиши зарур. Шу боис учрашув давомида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, талаб этиладиган ер майдони, объектларнинг аниқ жойлашуви, молиялаштириш манбалари, инвесторнинг ўз маблағлари улуши, ишларни амалга ошириш муддатлари ва босқичлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, аквапаркнинг техник қуввати, ташриф буюрувчиларни қабул қилиш салоҳияти, сув ва энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи, яратилиши мумкин бўлган янги иш ўринлари ҳамда кутилaётган солиқ тушумларини аниқ ҳисоб-китоблар билан асослаш зарурлиги таъкидланди.
Компаниянинг шу каби лойиҳалар бўйича амалий тажрибаси ва илгари амалга оширган ишлари ҳақидаги маълумотларни ўрганиш, таклиф этилаётган ташаббусларнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини аниқлаш ҳам муҳим вазифалар сифатида белгилаб олинди. Бу ёндашув инвестицияларни жалб этиш жараёнида пухта режалаштириш, манфаатдор томонларнинг масъулияти ва келгусидаги натижаларни олдиндан баҳолашга алоҳида аҳамият берилаётганини кўрсатади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири