Тадбиркорларга янги рақамли солиқ хизматларидан фойдаланиш тартиби тушунтирилди
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ-сервис” акциядорлик жамияти ташаббуси билан Хоразм вилоят солиқ бошқармасида тадбиркорлар иштирокида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Унда тадбиркорларга платформада жорий этилган янги хизматлар намойиш қилиниб, улардан фойдаланиш тартиби амалий мисоллар асосида тушунтирилди.
– Бугунги учрашувда касса чеклари ва кирим ҳисобварақ-фактуралари ўртасидаги номувофиқликларни таҳлил қилиш, расмийлаштирилган электрон ҳужжатлар бўйича йиғма жадвал шакллантириш, кирим ва чиқим ҳисобварақ-фактуралари ўртасидаги номувофиқликларни таҳлил қилиш, товар ҳисоботи - товар ҳаракати таҳлили, расмийлаштирилмаган ҳисобварақ-фактураларни аниқлаш хизматлари ҳақида маълумот берилди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси ходими Мурод Каримов. –Мазкур хизматлар орқали тадбиркорлар ўзларининг ҳисобварақ-фактуралари, касса чеклари ва товарлар ҳаракати билан боғлиқ маълумотларни мустақил таҳлил қилиш, ўзаро номувофиқликларни аниқлаш ҳамда зарур ҳолларда уларни бартараф этиш имкониятига эга бўлади.
[gallery-31668]
Тадбирда тадбиркорларнинг янги хизматлар бўйича фикр-мулоҳазалари ва платформани янада такомиллаштириш, фойдаланувчилар учун қулайликларни кенгайтириш юзасидан таклифлари ҳам тингланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари