ЖАРда муҳожирларга қарши намойишлар сабаб бошпана сўраб берилган аризалар қабули тўхтади
Жанубий Африка Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йоханнесбург ва Дурбанда муҳожирларга қарши зўравонлик билан кечган намойишлардан сўнг бошпана сўраб тақдим этилган аризаларни қабул қилиш тартибига оид кўрсатмани бекор қилди.
Ушбу ҳужжат мамлакатга ноқонуний кириб келган шахсларнинг қочқинларга бошпана бериш тизимидан фойдаланишини тақиқлаш ноқонуний деб топилган Конституциявий суд қарори асосида чиқарилган эди.
ЖАР Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, ариза кўриб чиқиладиган марказларга келувчилар оқими ҳаддан ташқари кўпайган. Бу ходимлар хавфсизлигига таҳдид солиб, жамоат тартиби бузилишига олиб келган. Ҳукумат Конституциявий суд қарори ҳақида нотўғри маълумот тарқатилганини таъкидлаб, мазкур қарор асосида ноқонуний муҳожирларга тўғридан-тўғри қочқин мақоми ёки доимий яшаш ҳуқуқи берилмаслигини эслатди.
Икки йирик шаҳардаги тартибсизлик чоғида намойишчилар 24 автомобилни ёқиб юборган, чет элликларга тегишли дўконлар талон-тарож қилинган. ИИВ ва полиция вакиллари хабар беришича, кўрилган тезкор чора натижасида ҳудудларда вазият барқарорлашган.
Ушбу мамлакатда маҳаллий аҳоли орасида айримлар муҳожирларни ишсизлик, жиноятчилик ва давлат хизмати соҳасидаги муаммоларни келтириб чиқаришда айблаяпти. Тадқиқотчилар эса айни даъвони асоссиз деб ҳисоблайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА