Европа астронавтлари 237 кундан сўнг Ерга қайтди
Франциялик астронавт Софи Адено Халқаро космик станцияда саккиз ойдан ортиқ вақт ўтказиб, Тинч океанига қўнди. Унинг 237 кунлик космик сафари Европа астронавтлари орасида энг узоқ миссия рекордини ўрнатди.
Адено 8 октябрь куни америкалик Жессика Меир ва Жек Хэтэуэй ҳамда россиялик космонавт Андрей Федяев билан бирга Калифорниянинг Сан-Диего соҳили яқинига қайтиб тушди. Сайёрамиз атмосферасига юқори тезликда кирган капсула парашютлар ёрдамида секинлашди. Экипаж аъзолари космик кемадан чиққач, тиббий кўрикдан ўтказилди ва АҚШдаги “NASA” марказига олиб борилди.
Софи Адено Франция тарихида очиқ космосга чиққан биринчи аёл бўлди. У август ва сентябрь ойларида уч марта космик станция ташқарисига чиқиб, техник вазифаларни бажарган. Унинг рекорди италиялик астронавт Лука Пармитанонинг 2019-2020 йилларда қайд этган 201 кунлик натижасидан юқори. Адено энди Германиянинг Кёльн шаҳрида бир неча ҳафталик тикланиш дастуридан ўтади.
Мусулмон Зиё, ЎзА