Жаҳон кубоги босқичининг илк куни спорт гимнастикачиларимиз учун омадли ўтди
Пойтахтимизда спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон челленж кубогининг биринчи кун саралаш баҳслари якунланди. Мусобақанинг дастлабки куни Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари учун муваффақиятли ўтди. Спортчиларимиз бир қатор йўналишларда юқори натижалар қайд этди.
Эркаклар ўртасидаги эркин машқ дастурида ҳамюртимиз Хумоюн Исломов 13.500 балл тўплаб, саралаш босқичини биринчи ўринда якунлади. У Вьетнам ва Қозоғистон вакилларини ортда қолдирган ҳолда финал учун энг яхши натижани қайд этди.
Дастакли от машқида эса Мансур Раҳматов 13.500 балл билан тўртинчи натижани кўрсатди. Ушбу йўналишда қозоғистонлик Дияс Тойшибек 14.550 балл билан пешқадам бўлди.

Ҳалқа машқида эса ўзбекистонлик спортчилар мутлақ устунлик намоён этди. Аҳрорхон Темирхонов 13.800 балл билан биринчи, Озотилла Абдурасулов эса 13.600 балл билан иккинчи ўринни эгаллаб, финал олдидан юқори савиясини намойиш қилди.
Аёллар баҳсида таяниб сакраш дастурида тажрибали спортчимиз Оксана Чусовитина яна бир бор маҳоратини кўрсатди. У 13.125 балл билан саралаш босқичини биринчи ўринда якунлади. Шунингдек, Шахинабону Юсупова 12.775 балл тўплаб, тўртинчи натижани қайд этди.

Баланд-паст қўшпоя машқида эса Дилдора Арипова 12.000 балл билан олтинчи ўринни эгаллади. Ушбу дастурда хорватиялик София Местер энг яхши натижани кўрсатди.

Кеча нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Халқаро гимнастика федерациясининг аёллар спорт гимнастикаси техник қўмитаси президенти Донателла Сакки иштирок этди.

Тадбир давомида сўз олган мутасаддилар мамлакатимизда гимнастика спорт турларини ривожлантириш, халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Жаҳон челленж кубоги нафақат кучли спортчиларни бир майдонга жамлаши, балки Ўзбекистоннинг халқаро спорт аренасидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА