Жаҳон челленж кубогида саралаш баҳслари давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, гимнастика федерацияси ҳамда “Ўзавтосаноат” томонидан спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон челленж кубоги босқичи ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақада бугун, 22 май куни эркаклар таяниб сакраш, қўшпоя ва турникте, аёллар эса яккачўп ҳамда эркин машқлар бўйича саралаш баҳсларида иштирок этади. Эртага ва 24 май кунлари эса спорт гимнастикачилари финал баҳсларида ва эркаклар ва аёллар ўртасида алоҳида турлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон челленж кубоги босқичида мамлакатимиз спортчиларидан ташқари Арманистон, Бельгия, Болгария, Чехия, Грузия, Ҳиндистон, Иордания, Исландия, Қатар, Қозоғистон, Латвия, Мўғулистон, Сурия, Туркия, Венгрия, Вьетнам ва Хорватиядан келган спорт гимнастикачилари ҳам иштирок этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА