Ижтимоий тармоқдаги танишув қимматга тушди
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, кибермаконда содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган профилактик ва тезкор тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Навоий шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам тўрт марта судланган шахс ижтимоий тармоқ орқали содир этган товламачилик ҳаракати ана шундай тезкор тадбирлар натижасида фош этилди.
Терговга қадар аниқланган маълумотларга кўра, гумонланувчи ижтимоий тармоқ орқали ўзидан 15 ёш катта аёл билан танишган. Ишонч қозонганидан сўнг, унинг ўғлини ишга жойлаштириб бериш баҳонасида 200 АҚШ долларини олган. Кейинчалик ваъдасини бажара олмаган шахс аёлнинг шахсий фото ва видеоларини тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, ундан яна 5 000 АҚШ доллари талаб қилган.

Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи товламачилик йўли билан келишилган маблағнинг 3 000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири